Президентнинг 16 июлдаги қарорига биноан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуйидагиларни амалга оширувчи илмий-маърифий марказга айлантирилмоқда:

  • «Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон» ғоясини кенг тарғиб қилувчи;
  • мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи;
  • моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундай қарор «халқнинг бунёдкорлик қудрати жўш урган ҳозирги замонда Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш мақсадида» қабул қилинган.

Марказнинг янгиланган асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш;
  • Ўзбекистонда юз берган умуммиллий юксалишлар, тарихий ренессансларнинг илдизлари ва мазмун-моҳиятини мамлакат аҳолисига етказиш бўйича зарур чораларни кўриш;
  • буюк аждодларнинг жаҳон тамаддуни, диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссасини энг замонавий усуллар ва воситалар орқали ёритиб бориш;
  • зиёрат туризмининг илмий асослари бўйича етарли назарий билим ва амалий кўникмаларга эга гид-таржимонларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини тизимли ошириб боришни таъминлаш;
  • илм-фаннинг жадал тараққиётини кўрсатиб берувчи сермазмун экспонатлар фонди, қўлёзма ва замонавий нашрлардан иборат бой кутубхоналар тизимини шакллантириш ҳамда уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналари тармоғига уланишини таъминлаш;
  • ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасининг долзарб илмий-назарий ва услубий масалаларига бағишланган конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ва илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни доимий ташкил этиб бориш;
  • ислом тарихи ва маданияти йўналишига оид билимларни ошириш, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш, қоғоз, китобат, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш, ислом манбаларини ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;
  • «Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон» ғоясининг мазмун-моҳиятини, жумладан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.

Марказ ҳузурида (юридик шахс мақомига эга бўлмаган) Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лаборатория ташкил этилмоқда.

Президентнинг 2017 йилдаги (ПП-3080) қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистон Ислом маданияти маркази ташкил қилинган эди. Кейинроқ, шу йилнинг ўзида давлат раҳбари унинг номини Ислом цивилизацияси марказига ўзгартиришни таклиф этганди.