2021 йилнинг I ярмида Давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн сўмни ташкил қилди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 трлн сўмга (+28,7%) кўп бўлди, дейилади Молия вазирлиги ҳисоботида.

Ҳисобот даврида давлат солиқ органлари назоратидаги тушумлар 61,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,5 трлн сўмга (33,8%) ошди. Жумладан, Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси назорати остидаги тушумлар 40,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш 10,5 трлн сўмни (35%) ташкил қилди.

2021 йилнинг I ярмида божхона органлари томонидан назорат қилинадиган тушумлар 5,2 трлн сўмга (52,5%) ошди ва 15 трлн сўмни ташкил қилди. Давлат бюджетининг солиқ ва божхона органлари томонидан назорат қилинмайдиган тушумлари 6 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 2 трлн сўмга кўпдир.


Бевосита солиқлар

2021 йилнинг I ярмида фойда солиғи бўйича тушумлар 18,6 трлн сўмни ташкил этди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тушумлар 6,8 трлн сўмга ошди.

Фойда солиғи тушумларининг 12,6 трлн сўми, яъни 67,8%и олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келди.

Иқтисодиётнинг қайта тикланиши, маъмуриятчилик ва солиқ қонунчилигига риоя этилиши яхшиланиши тушумларнинг ўсишига олиб келди. Бунга, шунингдек, фойда солиғи базасининг ўсишига олиб келган олтин ва кумуш учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасининг 20% дан 15% гача камайтирилиши ва олтин нархининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 9,8% га ўсганлиги ижобий таъсир кўрсатди

10 957 нафар (11,5%) солиқ тўловчилар фаолиятини зарар билан якунлаган, 29 677 нафар солиқ тўловчи (31,3 фоиз) «0» ҳисобот тақдим этган, фойда билан эса 54 323 нафар солиқ тўловчи (57,2%) ҳисобот топширган.

2020 йилдан бошлаб бир йўла амортизацион чегирма жорий қилинганлиги (5 ёки 10 фоиз) натижасида жорий йил I чорагида 338 нафар солиқ тўловчининг фойда солиғи бўйича солиқ базасидан чегирилган суммаси 384,8 млрд сўмни ташкил этди ҳамда тахминан 57,7 млрд сўм маблағ улар ихтиёрида қолдирилди.

2021 йилнинг I ярмида айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 932,4 млрд сўмни ташкил этди, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 302,7 млрд сўмга ошди.

Тушумларнинг ўсиши 124 та туман ва шаҳарларда 25% дан ортиқни, 22 та туман ва шаҳарларда 15−25% ни, 38 та туман ва шаҳарларда 15% гачани ташкил қилган бўлса, 19 та туман ва шаҳарларда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайиб кетганлиги кузатилди.

Ҳисобот даврида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 8,8 трлн сўмни (ўсиш 1,5 трлн сўм), жумладан иш берувчилар томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ 8,1 трлн сўмни (ўсиш 1,3 трлн сўм) ташкил этди.

Дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар жорий йилнинг I ярмида 257,5 млрд сўмни ташкил қилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 98,1 млрд сўмга кўпдир. Мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлар 107,6 млрд сўмни ташкил қилди — ўсиш 73,1 млрд сўм. Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар 193,4 млрд сўмни ташкил қилиб, 58,2 млрдсўмга ошди.

Билвосита солиқлар


2021 йилнинг I ярмида қўшилган қиймат солиғи тушумлари 16,8 трлн сўмни ташкил қилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 трлн сўмга кўпдир.

Солиқ органлари назоратидаги ҚҚС 12,2 трлн сўмни ташкил қилди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,5% га ошди.

Солиқ идоралари назорати остидаги ҚҚС тушумларининг асосий қисми нефть-газ тармоғи (14,1%), электр энергияси ишлаб чиқарувчилари (8,3%), мобиль алоқа операторлари (3,9%), автомобиль саноати (2,5%), тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари (1,6%) соҳалари ҳиссасига тўғри келади.

Божхона органлари томонидан ундириладиган ҚҚС 12,2 трлн сўмни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 55,5% га ўсди.

Тушумларнинг асосий қисми автомобиль ва эҳтиёт қисмлар (87-товар гуруҳи) бўйича 1,4 трлн сўм (+18%), буғдой 313,1 млрд сўм (+182%), ёқилғи 438,5 млрд сўм (-5%), ёғоч материаллари 301,8 млрд сўм (-6%), цемент 119,5 млрд сўм (234%) ҳисобидан шаклланди.

2021 йилнинг I ярмида акциз солиғи тушумлари 6,3 трлн сўмни ташкил этди, яъни 8,4% га ўсди. Бунда 2021 йил 1 февралдан акциз солиғи ставкаларининг индексация қилиниши ҳисобига тушумлар қуйидагича ўзгарди:


Алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғининг ставкалари индексация қилинишига қарамасдан (8 -19% га) ушбу солиқ тури бўйича тушумлар атиги 1,6% га (+12 млрд сўм) ўсди.

Қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 15,4% га ҳамда адвалор ставкасининг 9% дан 10% гача оширилиши натижасида тамаки маҳсулотларидан акциз тушумлари 22,1%га (+164,9 млрд сўм) ўсди.

Бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига сотишда акциз солиғи ставкалари ўртача 20% индексация қилинди, бу 345 млрд сўмлик қўшимча тушумларни таъминлади.

Шунингдек, мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкасининг 20% дан 15% га камайтирилиши ушбу солиқ тўловчилар ихтиёрида 50,4 млрд сўм қолишини таъминлади.

Божхона идоралари томонидан 167,2 млрд сўм акциз солиғи ундирилди (ўтган йилнинг 1 ярмиида 397 млрд сўм ундирилган эди). Тушумларнинг камайишига асосан 2020 йил 1 августдан автомобиллар учун акциз солиғининг бекор қилиниши ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб 73 та товар импортига акциз солиғининг бекор қилиниши сабаб бўлди.

Ҳисобот даврида божхона божи тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 917,1 млрд сўмга (+ 66,9%) кўпайиб, 2,3 трлн сўмни ташкил қилди. Бунга валюта курсининг ўсиши (ўртача 7,3% га), айрим имтиёзларнинг бекор қилиниши ва импорт товарлари таркибининг ўзгариши таъсир қилди.

Ресурс солиқлари

Жорий йилнинг I ярмида ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича жами тушумлар 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 трлн сўмга ошиб, 11,3 трлн сўмни ташкил этди.

2021 йилнинг I ярми учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари қарийб 8,0 трлн сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5%га ўсди. Ресурс солиқларининг асосий қисми — қарийб 70% олдинги йиллардагидек ер қаъридан фойдаланганлик учун солиққа тўғри келади.

Жорий йилнинг 1 январидан олтин, палладий, кумуш учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг 20% дан 15% гача пасайишига қарамасдан, қўшимча тушумлар қуйидагилар ҳисобига таъминланди:

  • жорий йилнинг I ярмида қимматбаҳо металлар бозорида олтин нархининг ўртача 9,8%га ва миснинг нархи 2020 йилнинг I ярмига нисбатан 58%га ўсиши;
  • айрим қурилиш фойдали қазилмалари (қурилиш қуми, қум ва шағал аралашмаси, қумтошлар ва қурилиш тошлари) учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг бирхиллаштирилиши. Қўшимча тушумлар 10,9 млрд сўмни ташкил этди.

Ер қаъридан олинадиган солиқ тушумларининг асосий улуши (76,6%) олтин ва мис қазиб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан тушумлар жорий йилнинг биринчи ярмида 2 баробарга ошди ва 317,9 млрд сўмни ташкил этди. Тушумларнинг ўсишига қуйидагилар сабаб бўлди:

  • солиқ ставкаларини 15 фоизга, иқтисодиётнинг айрим тармоқлари учун эса 30 фоизга индексация қилиш;
  • биринчи ярим йилликда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 117,4 млрд сўм миқдорида солиқ тўланганлиги (Маълумот учун: қишлоқ хўжалиги корхоналари учун солиқ тўлаш муддати жорий йилнинг 15 декабри этиб белгиланган).

Биринчи ярим йилликда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тушумлар ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 1 трлн сўмга ўсди ва тахминан 3 трлн сўмни ташкил этди. Бунда ресурс солиқлари бўйича умумий тушумларда мол-мулк солиғи ва ер солиғи улуши жорий йилда ўтган йилдаги 20,5% дан 26,7% гача ошди. Тушумларнинг асосий улуши (67,6%) юридик шахслар томонидан тўланадиган солиқларга тўғри келади. Қўшимча даромадлар қуйидагилар ҳисобига таъминланди:

  • илгари солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан молмулк солиғи бўйича пасайтирилган солиқ ставкасини 2 бараварга, ер солиғи ставкасига нисбатан пасайтириш коэффициентининг 2,5 бараварга оширилиши. Бундай объектларга жамоат темир йўллари, магистрал қувурлар, алоқа линиялари ва электр узатиш линиялари, уларни консервация қилиш тўғрисида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган кўчмас мулк объектлари ва бошқа объектлар киради;
  • қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган ерлар учун ер солиғи бўйича базавий солиқ ставкаларини 15 фоизга индексация қилиш.
  • Бунда солиқ ставкаларининг аниқ миқдорлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиши ва нуфузига қараб ушбу ставкаларга оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаш билан базавий ставкалар асосида белгиланади;
  • туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт муассасалари, шунингдек, дам олиш ва оналар соғлиғини яхшилаш жойлари, дам олиш уйлари эгаллаб олган ер участкалари учун солиқ имтиёзларининг бекор қилинганлиги.

Бундан ташқари, юридик шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумларининг ўсиши ўтган йилнинг II чорагидан бошлаб карантин чекловлари пайтида айрим солиқ тўловчиларга ушбу солиқ турлари бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилганлиги билан боғлиқ.

Жорий йилнинг I ярмида жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тушумлар ҳам ошди, хусусан, мол-мулк солиғи — 84,8 млрд сўмга ва ер солиғи — 160,6 млрд сўмга.

Ушбу турдаги солиқлардан қўшимча тушумлар солиқ ставкаларини 15 фоизга индексация қилиш ва жисмоний шахсларнинг ушбу солиқларни тўлашининг биринчи муддати келиши (15 апрель) ҳисобига таъминланди.

2020 йилдан бошлаб янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ иккита солиқ тўлаш муддати (15 апрель ва 15 октябрь) жорий этилди, 2020 йилгача битта тўлов муддати амал қилган эди — 15 октябргача. Ўтган йилнинг иккинчи чорагида ишбилармонлик фаоллигининг пасайишига олиб келган коронавирус пандемияси бошланиши муносабати билан, шунингдек аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилган эди.

Бошқа тушумлар ва солиқ бўлмаган тўловлар

Бошқа тушумлар ҳамда солиқ бўлмаган тўловлар бўйича тушумлар сезиларли даражада кўпайди ва 9,8 трлн сўмни ташкил этди (+35,6%). Уларнинг асосий қисми давлат корхоналари (4,3 трлн сўм) томонидан тўланадиган дивидендларга тўғри келмоқда, қолган даромадлар, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • давлат даромадига ўтказилган товар-моддий қимматликлар реализациясидан тушумлар — 255,5 млрд сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 63,7 млрд сўмга ошган);
  • автотранспорт воситаларига утилизация йиғими — 120,6 млрд сўм (ушбу йиғим 2020 йил 1 августдан жорий қилинган);
  • автотранспорт воситалари учун «чиройли» рақамлар комбинацияси сотилишидан даромадлар — 117,7 млрд сўм (ўсиш 75,2 млрд сўм) ;
  • давлат активларини хусусийлаштиришдан даромадлар (бюджетга ўтказиладиган қисмида) — 305,6 млрд сўм;
  • давлат божи — 843,3 млрд сўм, йиғимлар — 909,5 млрд сўм ва жарималар — 481,7 млрд сўм.

«Газета.uz» Молия вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда иш ҳақидан солиқ тўлайдиган ўзбекистонликлар сони йил давомида қарийб 500 минг кишига кўпайиб, 4,64 млн нафарга етгани ҳақида ёзган эди. Уларнинг аксарияти ҳалигача 1 млн сўмгача миқдорда маош олмоқда, бироқ иқтисодий фаоллик ўсиши билан 2 млн сўм ва ундан юқори миқдорда ойлик олувчилар сони ўсиб бормоқда.