Покистон бош вазири Имрон Хон афғон можаросини ҳал қилиш учун Афғонистоннинг қўшни давлатлари, жумладан, Туркиянинг иштироки зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда у 15 июль куни Тошкентдаги брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Покистон етакчисининг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралар давомида томонлар сиёсий вазиятни атрофлича муҳокама қилишган.

«Биз Афғонистоннинг қўшнилари сифатида ушбу масаладан хавотирдамиз. Афғонистоннинг қардош халқи сўнгги 40 йил давомида урушлардан азият чекмоқда… Афғонистонда тинчликка эришиш учун [можаро] тинч сиёсий йўл билан ҳал этилиши зарур. Биз буни атрофлича муҳокама қилдик. Биз шунингдек ўйлаймизки, Афғонистон қўшнилари — Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон, Покистон ва хаттоки Туркия — тинчлик жараёнига ўз ҳиссамизни қўшиш учун бор кучимизни ишга соламиз», — деди у.

Имрон Хон аввалига мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари ушбу масала юзасидан учрашишларига умид билдирди. «Кейин биз фуқаролик урушига ўхшаш ҳолатни тўхтатиш учун [давлатлар раҳбарлари] саммитини ташкил этишга ҳаракат қиламиз», — деди бош вазир.

Президент Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда Ўзбекистон ва Покистоннинг ягона мақсади — афғон заминида тинчлик ва барқарорликка тезроқ эришиш эканини маълум қилди.

14 июнь куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон агар АҚШ молиявий ва сиёсий кўмак кўрсатса, Қобулдаги Ҳамид Карзай аэропортида чекланган контингентни сақлаб қолишга тайёрлигини билдирганди. Турклар 2013 йилдан буён Афғонистондаги ҳаракатларда қатнашиб келмоқда.

«Толибон» ҳаракати буни босқинчиликнинг давоми деб баҳолади ва турк қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан чиқиб кетишини талаб қилиб, уларга ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилди.

14 июль куни Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Афғонистонда низолашаётган томонларни куч ишлатишдан тийилишга чақирди.

АҚШ президенти маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл Тошкентдаги учрашувда қўшма штатлар Афғонистондаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлашда давом этиши ҳамда Афғонистон мудофаа кучларига ёрдам кўрсатишини маълум қилди.