Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ТИВ раҳбарлари Афғонистондаги вазият бўйича қўшма баёнот қабул қилишди. Вазирлар учрашуви 16 июль куни Тошкент шаҳридаги Марказий ва Жанубий Осиё бўйича халқаро конференция доирасида учрашишди.

Учрашув қатнашчилари «Афғонистондаги ҳозирги вазият ушбу мамлакатдан халқаро қўшинларнинг чиқиб кетиши ва унинг орқасидан рўй берган ҳукумат кучлари ва толиблар ҳаракати ўртасидаги жангари ҳаракатларнинг эскалацияси, айниқса Марказий Осиё мамлакатлари билан чегарадош қатор шимолий провинцияларда, жиддий хавотирни келтириб чиқараётганлигини» таъкидлашди.

«Вазирлар янги геосиёсий реаллик шароитида Афғонистон Ислом Республикасида ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш ва тинчлик ўрнатиш бўйича имкониятларни излашда давом этиш кераклигини қайд этишди. Шу муносабат билан, учрашув қатнашчилари тинчлик ўрнатиш жараёнини қўллаб-қувватловчи керакли шароитларни таъминлаш мақсадида Афғонистондаги ихтилофдаги барча томонларни куч ишлатишдан ва дестабилизацияга олиб келувчи ҳаракатлардан тийилишга чақиради», — дейилади баёнотда.

ТИВ раҳбарлари Афғонистондаги «кўпқамровли ва барқарор тинчликка» фақатгина афғонларнинг ўзлари ўртасида сиёсий масалалар бўйича тўғридан-тўғри инклюзив музокаралар ўтказиш, афғон халқининг раҳнамолиги остида ва можародан кейинги даврда Афғонистоннинг тикланишида давлатлар ва халқаро тузилмаларнинг фаолроқ иштироки орқали эришиш мумкинлигига ишонч билдиришди.

Вазирлар «кўп йиллик урушни тўхтатиш ва Афғонистоннинг тинч, мустақил ва суверен давлат бўлиши учун келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш» учун расмий Кобул ва толиблар ҳаракати ўртасида «конструктив музокаралар» ўтказилишидан умидвор эканликларини билдиришди.

Шунингдек, вазирлар Афғонистондаги тинч аҳоли қурбон бўлаётган терактларни ҳам қоралашди. «„Ироқ ва Шом ислом давлати“ (ИШИД), „Ал-Қоида“, шунингдек бошқа халқаро террорчилик гуруҳларининг мамлакатда борлиги ва фаолияти Афғонистон Ислом Республикасидаги, шу жумладан мамлакатнинг шимолий провинцияларидаги вазиятнинг барқарорсизлигини таъминловчи муҳим омиллардан биридир», — дея қайд этилади баёнотда.

Бундан ташқари, ТИВ раҳбарлари Афғонистондаги наркотик экилиши, наркотик ишлаб чиқарилишининг юқори даражаси ва ноқонуний қурол савдоси ҳақида ҳам ўз хавотирларини билдиришди. Уларнинг фикрича, бу «террорчи гуруҳларнинг асосий даромад манбаларидан бири» ҳисобланади. Вазирлар Афғонистон расмийларидан «ушбу хавф билан курашиш бўйича» ҳаракатларни фаоллаштиришларини кутишаётганлигини таъкидлашди.