26 июнь куни тахминан соат 19:45 ларда ички ишлар органига Олмазор туманида жойлашган «Тўхтабой» жоме масжидига келган фуқаро Фозилходжа Арифходжаев (1980 й.т.) жанжал кўтариб (видео), жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузганлиги ҳақида хабар келиб тушган, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Олмазор судига тақдим этилган.

Суд Ф.Арифходжаевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, текширув жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Ф.Арифходжаевнинг уяли алоқа воситасида шубҳали диний мазмундаги материаллар мавжудлиги ва уларни бошқа фуқароларга намойиш этганлиги ҳақида хабар келиб тушган. «Мазкур материалларнинг хусусиятига аниқлик киритиш мақсадида телефон аппарати процессуал тартибда расмийлаштириб олинган, диний мазмундаги материални текшириш учун диншунослик экспертизаси тайинланган», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Хабарда айтилишича, Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, Ф.Арифходжаевнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Фозилхўжа Арифходжаев» номли профилига жойлаштирилган айрим материаллар диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига кириши аниқланган. «Уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ф.Арифходжаевга нисбатан ЖКнинг 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.