Президентнинг 8 июндаги ерга оид фармони асосида ишлаб чиқилган Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев ўзининг муносабати ва таклифларини билдириб, кодексда «бўшлиқ"ларга жой қолдирмаслик муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Лойиҳа биринчи ўқишда 5 июль куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган эди. Унда, адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов депутатлардан мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, уни қабул қилишни сўраган эди.


«Лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида мамлакатимизда ерга оид ҳуқуқларнинг бозор тамойиллари асосида ривожлантириш, ер ажратишда барча учун тенг ва шаффоф тизимларни яратишга хизмат қилади», — дейди адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов.

Депутат Дониёр Ғаниев қонун лойиҳасида акс этган норма — 10 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган лойиҳа қийматининг камида 10 фоизини махсус ҳисоб рақамига олдиндан киритганда жисмоний ёки юридик шахсга ер ажратиш — бозор тамойилига қанчалик тўғри келишига оид савол билан юзланди.

«Бизни асосий мақсадимиз — қонун ва фармон билан ер муносабатини бозор муносабатлари асосида тартибга солиш нуқтаи назаридан келиб чиқсак, бу норма Ер кодексига киритилаётган ўзгартишларнинг руҳиятига қанчалик тўғри келади? Салоҳиятли инвесторнинг лойиҳаси қанчалик тўғри эканлигини бозор муносабати белгилагани тўғри эмасми? Бюрократик ҳокимият орқали кимнинг лойиҳаси яхшилигини белгилашдан кўра, уни очиқ аукцион, танлов орқали бозорни ўзи белгилагани яхши эмасми? Мани ишончим комил, 10 млн АҚШ долларлик лойиҳа бир неча юз минг долларга ер сотиб олишга имконияти бўлади», — деди у.

«Агар биз бу тартибни қолдирадиган бўлсак, йўқотишни айтганимиз, яъни ўша қонундан ташқари, таниш-билишчилик орқали муаммоли, ҳисобида бир сўм пули йўқ инвесторларга ерни ажратишни тўхтатишни мақсад қилиб турган пайтимизда бу нормани киритишимиз қонунчиликка қанчалик тўғри келади?», — дея қўшимча қилди Ғаниев.

Чет эл фуқаролари ва юридик шахсларга ер ажратиш

Депутат сўзи давомида чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона ва халқаро бирлашма, ташкилотлар, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга ижара олиш ҳуқуқи билан бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда ер ажратиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

У президент фармони, қонун лойиҳаси, қолаверса, адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигида ерга оид янги нормаларни тушунтиришга бағишланган матбуот анжуманида ҳам аниқлик киритилмаганини таъкидлаб ўтди.

«Бу қишлоқ хўжалиги еригами ёки фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ергами? Бунга аниқлик киритиш керак. Чунки, бизда ўзи қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган талаб катта. Бу тикланмайдиган, қўшиб бўлмайдиган ресурс ҳисобланади. Чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан бериш керак, деб кўзда тутиш лозим», — деди у.

Яна бир жиҳат. Дониёр Ғаниевнинг сўзларига кўра, чет эл фуқаролари ёки ташкилотларига ер ажратишда, чегара ҳудудидан маълум бир масофа узоқликдаги ерларни бериш нормасини ҳам киритиш талаб этилади.

«Модомики, чет эл фуқароларига ижарага ер беришни қонунийлаштиришни режа қилаётган эканмиз, балки, уларга мамлакат чегараларидан маълум бир узоқликдаги майдонлардан бериш масаласини киритиш керак. Чунки, бу ерлар мамлакатнинг стратегик хавфсизлиги билан боғлиқ ерлар ҳисобланади. Чет эл тажрибасини яқинда ўқиган эдим, хорижликларга мамлакат чегараларидан 5 км узоқликдаги ерларни беришга рухсат этилган. Балки, биз ҳам ушбу нормани қонунда акс эттиришимиз керакдир?», — деди халқ вакили.

ДХШ асосида ер ажратиш

«20-моддада ерни доимий фойдаланишга ажратишга оид норма келтирилган. Биз туман ҳокимларидан бу ҳуқуқни олиб, фақатгина вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига бераяпмиз. Холбуки, бу ерда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида доимий фойдаланишга ерни бериш ҳуқуқи қолдирилаяпти. Бу ҳам яна битта катта „лазейка“ эмасми?», — деди у.

У амалиётда шахсан бу каби ҳолатларга кўплаб гувоҳ бўлганини қўшимча қилди.

«Охирги йиллардаги президент қарор ва фармонлари билан шундоқ ҳам маҳаллий ҳокимиятларнинг тўғридан-тўғри ер бериш [ваколати] чекланган эди. Жуда кўп ҳокимликлар айнан ДХШни ниқоб қилиб, ижтимоий шериклик лойиҳаси деб акс эттириб, ерни бериб келишаётганди. Ҳозирги норма билан минг афсуски, бу жараён яна давом этади. Энди фақат туман ва шаҳарлар ҳокимлари эмас, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокими ҳам тўғридан-тўғри ижтимоий шериклик ниқоби остида ер беради», — деди Ғаниев.

У яна, Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги қонунда белгиланганидек, 1 млн доллардан кичик қийматдаги лойиҳаларни ҳеч ким билан келишиб ўтиришга ҳожат йўқлигини қайд этди.

«Демак, эртага вилоят ҳокими мана шу қонун ва фармонлардан келиб чиқиб, керакли ерни бу ДХШ лойиҳаси, 1 млн доллардан кичкина деб, ҳеч ким билан келишмасдан тўғридан-тўғри бериб юборади. Ўйлайманки, бу ҳам кўзда тутилаётган энг олий мақсад — ерни ҳақиқий бозор муносабати асосида ажратиш принципига зид бўлаяпти», — деди депутат.

Кўп квартирали уй жойлашган туташ ер участкасини ажратиш

Дониёр Ғаниев кўп квартилари уй жойлашган туташ ер участкасини ажратиш ва ундан умумий фойдаланиш учун бериш масаласидаги тушунмовчиликларга ҳам тўхталди.

«Умумий фойдаланиш деганда нимани тушуниш керак? Шунга ҳам аниқлик киритилмаяпти. Чунки, дўкон очадиган бўлсангиз, агар кўп квартирали уйлардаги одамлар фойдаланса, у ҳам умумий фойдаланиш, агар автомобиль тураргоҳи қурсангиз у ҳам, дорихона очсангиз у ҳам умум фойдаланиш ҳисобланади. Бу ҳам эртага кўп қаватли уйларни қуриш, уйларни олдидаги ерларни яна вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокими томонидан тўғридан-тўғри, бозор муносабатларига зид тарзда берилишига йўл очиб қўймайдими?», — деди у.

Якка тартибдаги уй-жой хусусий мулк тарзида берилиши

У шунингдек, Ер кодексининг 28-моддасига киритилаётган ўзгартишларга ҳам эътибор қаратди.

«Якка тартибдаги уй-жой тарзида берилган ердан тўғри фойдаланилмаса, 28-моддасига киритиб ўтаяпсизлар, оширилган ставкаларда [солиқ тўланади] деяпсизлар. Лекин, 20 моддада якка тартибдаги уй-жойни хусусий мулк сифатида беришга рухсат этилаяпти, — дея қўшимча қилди Ғаниев. — Агарда, янги тартибга кўра, ерни хусусий мулк, яъни актив сифатида берадиган бўлсак, эртага берилган ердан қай даражада фойдаланиш хусусий мулкни эгасининг ҳуқуқи бўлмайдими? Эртага, ерни сотиб олган одамдан „сен ер участкасидан ободонлаштиришни амалга оширмабсан“ деб солиқ ставкасини ошириш бозор муносабатларига қанчалик тўғри келади?».

Депутат сўзи якунида қонун ташаббускорлари ҳамда қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасидан вакиллирга мурожаат қилди.

«Ҳужжат лойиҳаси ташаббускорларидан сўраган бўлардимки, модомики биз бунақа революцион ислоҳотни амалга ошираётган эканмиз, келинг шуни охиригача олиб борайликда, ҳар битта нормада шуни келтириб ўтайликки, токи бундан буён ер участкаларини беришда ҳеч қандай „лазейка“ ларга жой қолмасин», — деди Дониёр Ғаниев.


Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов депутанинг сўзларига ҳақиқатда жон борлигини ва мазкур тузатишлар иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида, қўмиталар муҳокамаларида батафсил кўрилиши лозимлигини қайд этди.

«Айниқса, кўп квартирали уйлар ерларидан умумий фойдаланувчиларга ер ажратиш ҳақиқатдан сал мавҳумроқ, унга аниқлик киритиш керак. Қолганларининг (таклиф ва саволларда — таҳр.) ҳаммасида ҳам жон бор. Биринчи ўқишда қабул қилиб, иккинчи ўқишгача 2та қўмита кўриб чиқиб, ҳаммасига аниқ жавоблар ва ҳисоб-китоблар қилиб беришимизга тўғри келади», — деди Исмоилов.

Эслатиб ўтамиз, 8 июнь куни Шавкат Мирзиёев ерга бўлган ҳуқуқни бозор активига айлантириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ўшанда «Газета.uz» ушбу фармон бўйича барча муҳим ўзгаришлар ҳақида батафсил ёзган эди.

9 июнь куни эса адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу ҳужжат атрофидаги гап-cўзларга ойдинлик киритиш мақсадида матбуот анжумани ўтказди. Вазир ҳужжатда чет элликларга фақат ноқишлоқ майдонлардан ер берилиши кўзда тутилганини қайд этган эди. Бироқ, у айтган тартиб фармонда мавжуд эмас. Бундан ташқари, Давлетов ҳар хил ўйин бўлиб кетмаслиги учун фармон жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганини таъкидлади.