Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйгани акс этган видеоёзув тарқалди. Daryo маълумотларига кўра, 15 июль куни М-37 автомагистралининг Ғиждувон туманидан ўтган қисмида содир бўлган ҳодисада 15 нафардан зиёд аёл иштирок этган.

Бухоро мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латиповнинг нашрга маълум қилишича, «Қўрғон» маҳалласи, «Маржона ғунча» нодавлат таълим муассасаси билан Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуриш учун шартнома имзоланган.

Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркор М.И. 1,7 млн сўмлик битим эвазига 90 ўринга мўлжалланган МТМни тиклаб, фойдаланишга топшириши назарда тутилган. Битимга асосан, вилоят «Ипотека» банки томонидан 1,275 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилган. НТМ биносининг қурилиш муддати 2018 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган.

«Бироқ тадбиркор ўзбошимчалик билан қувватни ошириш мақсадида 90 ўринли эмас, 150 ўринга мўлжалланган НТМ биносини қурган. Бундан ташқари, тадбиркор банкдан қўшимча равишда 21 фоизли 300 миллион сўм кредит олган ҳамда ушбу кредитдан қарздорлик юзага келган. Қарздорлиги бўла туриб, у яна банкдан йирик миқдорда кредит сўраган ва рад жавобини олган. Шундан сўнг ўзига таниш бўлган аёллар билан катта магистрал йўлни тўсиб чиқиб, қонунбузилишига йўл қўйган», — деди Фарҳод Латипов.

Ҳодисага Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳам изоҳ бериб, аёлларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида трассада йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, жабрланганлар бор.

Мазкур ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терговга қадар текширув ўтказмоқда Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига тақдим этилади, дея қўшимча қилди вилоят ИИБ.