Афғонистон президенти Ашраф Ғани 16 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё бўйича анжуманда мамлакатдаги вазият тўғрисида сўзлаб берди.

«Биз можарони „Толибон“ ҳаракати билан сиёсий алоқалар орқали ҳал қилишга интилмоқдамиз, бу бизнинг миллий устувор мақсадимиз. Бундан ташқари, биз давлатимиз бутун, демократик, тинч бўлиши учун ишлаймиз. Биз ҳақиқий демократия ҳақида гапирамиз», — дея таъкидлади Ашраф Ғани.

У шундай деб қўшимча қилди: «Биз „Толибон“ билан музокаралар олиб бориш ва уларга ён босмаслик учун барча чоралардан фойдаланяпмиз».

Мамлакат президентининг сўзларига кўра, аҳоли афғон қуролли кучларини қўллаб-қувватламоқда ва ҳукумат сафларига кўнгиллиларни ёллаш ҳозирда ўсиб бормоқда, бироқ қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Бу биринчи навбатда коронавируснинг учинчи тўлқинидир.

Бундан ташқари, Ашраф Ғанининг сўзларига кўра, АҚШ сиёсий қарорлар доирасида ҳаракатланмоқда. Улар ўз ҳарбий базаларини кўчиришди ва 5000 дан зиёд маҳбуслар ва 50 нафар йирик наркосавдогарлар халқаро талаб асосида қўйиб юборилди, деди Афғонистон президенти.

«Буларнинг барчаси одамларимизни қочқинларга айлантирди, улар тинчроқ ҳаёт кечириш учун хавфсиз шаҳарларга қочишга ҳаракат қилмоқдалар. „Толибон“ таклиф қилган ягона танлов — улар томонга ўтиш ёки таслим бўлиш», — деди Ашраф Ғани.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда мамлакатга Покистондан кўп миқдорда «жиҳодчи жангарилар»нинг кириб келиши кузатилмоқда. Афғонистон президентининг сўзларига кўра, улар тўғридан-тўғри трансмиллий террористик ташкилотлар билан боғлиқ.

«Бундан ташқари, биз халқаро кузатувчилар орасида консенсус ҳолатига гувоҳ бўлмоқдамиз, улар қўллаб-қувватлаш учун ҳеч қандай қадам ташламадилар», — деди Ашраф Ғани.

Ҳозирда ҳукуматнинг эътибори, Афғонистон президентининг сўзларига кўра, тўлиқ мавжуд зиддиятларга қаратилган. Давлат раҳбари Афғонистоннинг «Толибон» билан юзма-юз тўқнашувга тайёрлигини таъкидлаб, ҳаракатни ҳамкорликка чақирди.