Германиянинг ғарбий қисмидаги Арвайлер округи маъмурлари тошқинлар натижасида тахминан 1,3 минг киши бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда, дея хабар берди РИА Новости.

Аввалроқ камида 58 киши ҳалок бўлганлиги, ўнлаб одамлар бедарак йўқолгани ҳақида маълум бўлган эди. Фақатгина Бад-Нойенар-Арвайлер ҳудудида пайшанба куни эрталаб мингдан ортиқ қутқарув ишлари амалга оширилган.

«Вайронагарчилик билан боғлиқ қийин вазият туфайли, вазиятни якуний баҳолаш ҳозирча мумкин эмас», — дея таъкидлади расмийлар.

Германияда душанба кунидан бери ёмғирлар давом этмоқда, бунга Европанинг ғарбий қисмида шаклланган «Бернд» циклони сабаб бўлган. Табиий офатнинг асосий зарбаси дарёлар бор бўлган ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудларга тўғри келган. Рейн дарёси қирғоғидан тошгани туфайли, кўчаларни сув босган.

Сув босган йўллар ва вайрон бўлган кўприклар туфайли баъзи аҳоли пунктларига ҳанузгача кириш имкони йўқ. Шимолий Рейн-Вестфалиянинг бешта туманида тўғон бузилиши хавфи туфайли аҳолини эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Трир шаҳрида маҳаллий дарё тошганидан кейин 350 га яқин одам ҳудуддан олиб чиқилди.

Cув тошқини хавфи туфайли Рейн-Эрфт округида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Германия канцлери Ангела Меркел воқеани изоҳлар экан, Германия ғарбий қисмидаги фожианинг якуний кўлами фақат кейинги кунларда аниқ бўлишини айтди. У қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.