Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 2021 йилда Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози ўқилиши бўйича фатвосини эълон қилди.

«Қурбон ҳайити намозида катта жамоат бир жойда жамланишини инобатга олиб, пандемия янада авж олмаслиги, вабо оқибатларини юмшатиш мақсадида шу куни ийд намози адо этилмайди, ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилади», — дейилади фатвода.

Шунингдек, юқоридаги сабабларга кўра жума намозлари ҳам вақтинча ўқилмайдиган бўлди. Бошқа намозлар барча карантин талабларига риоя қилган, яъни ниқоб таққан ва оралиқ масофани сақлаган ҳолда, масжидларнинг очиқ саҳнларида адо этилади. Масжидларда қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш қатъиян таъқиқланади.

Фатвога кўра, иситма, йўтал каби касаллик аломатларини ўзида ҳис қилганлар, кексалар ва кичик ёшдаги болаларга жамоат намозларида иштирок этиш тавсия этилмайди.

Ёши улуғ кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналарни алоқа воситалари орқали амалга ошириб туриш тавсия этилди.

Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида, хонадонларда ўқилади. Марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда юртдошларимиз ўз хонадонларида, оила даврасида бажарсинлар, фотиҳагарчиликларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан сақланиб турсинлар.

Мўмин-мусулмонлар имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этсинлар. Хайрия ва эҳсон тадбирларини «Вақф» жамғармаси орқали ёки бевосита амалга ошириш тавсия этилади.

«Пандемия вазиятида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларнинг нархини ошириш, бозорлар ва дўконларда сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир», — дейилади фатвода.

Бундан ташқари, вакцина олмаслик, унинг таркиби тўғрисида бўлмағур гапларни тарқатиш дуруст эмаслиги таъкидланди.