Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель 16 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё бўйича конференцияда сўзга чиқиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталиб ўтди.

«Биз, бугун шу ерга йиғилганлар — қўшни давлатлар, минтақавий манфаатдор томонлар, халқаро ҳамкорлар — Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ва тараққиётни илгари суриш борасида жамоавий масъулиятни ўз зиммамизга оламиз», — дея таъкидлади Европа дипломатияси раҳбари.

«Биз буни зўравонлик қўллаб-қувватланмаган ва давом эттирилмаган музокараларга асосланган тинчлик фойдасига конструктив жалб этиш йўли билан амалга оширишимиз лозим», — дея қўшимча қилди у.

Жозеп Борель, шунингдек, ЕИ Афғонистондаги можарои сиёсий йўл билан ҳал қилиш орқали ушбу мамлакатдаги инклюзив жараённи қатъий равишда қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракатининг ҳарбий ғалабаси «бутун ҳудуднинг тан олинмаслиги ва изоляция қилинишига олиб келади».

Европа дипломатияси раҳбари Афғонистоннинг ЕВ билан келгусидаги ҳамкорлиги ушбу мамлакатда сўнгги ўн йиллик давомида содир бўлган демократик ютуқлар асосида барпо этилишини таъкидлади.