Шу йилнинг январь-май ойларида банклар аҳолига 2,67 трлн сўмлик автокредитлар ажратди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,5 фоизга кўп. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига таяниб Spot хабар бермоқда.

Турли вилоятларда, хусусан Тошкентда ўсиш суръатлари 104 фоизгани ташкил қилди. Барча ажратилган автокредитларнинг қарийб ярми — 1,1 трлн сўм пойтахтга тўғри келмоқда.

Ўтган йили Марказий банк автокредитлар бозорини барқарорлаштириш учун макропруденсиал назоратни кучайтирган эди.

Ўшанда регулятов раҳбари Мамаризо Нурмуратов мунтазам равишда автокредит ажратаётган банклар келажакда уларни қандай хатарлар кутаётганини сезмаётганини айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, автокредитлар — жуда рискли кредитлардан ҳисобланади. Чунки кредит ҳисобига сотиб олинган автомобилнинг ўзи гаровга қўйилади. Унинг қиймати фойдаланилгани сари кундан-кунга камайиб бораверади. «Бизнинг макропруденсиал чора-тадбирларимиз ушбу бозорни муайян даражада барқарорлаштиришимизга имкон яратади», — деб таъкидлаганди Нурмуратов.

Автокредитлар бўйича қарздорлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2019 йилнинг ўрталарида уларнинг сони 85 мингни ташкил этганди. Бу 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 бараварга, 2017 йилга нисбатан 12 бараварга кўп.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг апрелида Шавкат Мирзиёев автокредит тақдим этаётган тижорат банкларини рағбатлантириш бўйича кўрсатма берган эди.