Пайшанба, 15 июль куни Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институтининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбир аввалида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг табриги Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева томонидан ўқиб эшиттирилди.

Маросимда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференция доирасида Тошкент шаҳрига келган Марказий Осиё мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг юқори вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида мазкур институтнинг очилиши сўнгги йилларда Марказий Осиёда минтақавий ва иқтисодий жараёнларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат бериши ҳақида таъкидлади.

ТИВ раҳбари янги муассаса минтақавий ҳамкорлик истиқболларини экспертлар даражасида батафсил муҳокама қилиш, турли соҳалардаги кўп томонлама лойиҳалар бўйича амалий ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш учун имконият яратишига ишонч билдирди.