«Марказий Осиё Мамлакатлари — АҚШ» (С5+1) формати минтақада ҳамкорликни ривожлантиришнинг ноёб модели ҳисобланади, дея таъкидлади Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ушбу форматнинг 15 июль Тошкентда бўлиб ўтган навбатдаги учрашувида.

«Ушбу формат иқтисодиёт, энергетика ва савдо соҳасида боғлиқликни яхшилашга, экологик таҳдидлар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги таҳдидларнинг таъсирини юмшатишга, шунингдек, хавфсизликка таҳдидларга биргаликда жавоб беришга ёрдам берди», — деди ТИВ раҳбари.

«Ўзбекистон С5+1 ҳамкорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этади. Биз минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда давом эттиришга тайёрмиз», — деди Абдулазиз Камилов.

Ташқи ишлар вазири «АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ҳам қадрлаймиз», дея таъкидлади.

С5+1 учрашувида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Қириғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниязалиевлар бошчилигидаги Марказий Осиё мамлакатлари делегациялари иштирок этди. Америка томонидан АҚШ президентининг ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл иштирок этди.