Июль ойининг бошида Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар шифохонаси кундузги муолажа фельдшери Ғ. А. лавозимидан озод қилинган ҳақида хабар берган эдик. Бунга тиббиёт ходимининг беморни рўйхатга олиш учун 5000 сўм сўрагани акс этган видеоёзув сабабчи бўлган. Соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу хабарни тасдиқлаб, ҳодисанинг 24 июнь куни бўлиб ўтганини маълум қилган. Фельдшер билан имзоланган меҳнат шартномаси 1 июль куни бекор қилинганди.

«Адолат» СДП вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, фаоллар билан бўлиб ўтган «нохуш ҳолат» атрофлича ўрганилди, дея хабар бермоқда партия ахборот хизмати.

«Туман юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари билан юзма-юз мулоқотда фельдшер Ғ.А.ни ҳар томонлама яхши ишлаши ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Шундан сўнг муолажа фельдшери Ғ.А.ни ўз ўрнига қайта тиклаш юзасидан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бордик», — дея қайд этди партия.

Хабарга кўра, 12 июль куни «Адолат» СДП вилоят ва туман Кенгашига Чироқчи туман юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори С.Боймирзаев имзоси билан хат келган.

«Унда ёзилишича, шифохона кундузги муолажа фельдшери Азамат Пардаевич Ғозиев юқумли касалликлар шифохонасига ўз ўрнига ишга тикланди», — дейилади хабарда.