Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Афғонистоннинг бутунлиги ва демократиясини ёқлайди, дейилади ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Тожикистондаги учрашувлари якунида қабул қилинган қўшма баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, мазкур мамлакатда тинчлик ва барқарорликка эришиш «ШҲТ ҳудудида хавфсизликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади».

«Афғонистондаги можарога жалб қилинган барча томонларни Афғонистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан чегарадош туманларда беқарорлик ва кутилмаган оқибатларга олиб келувчи куч ва ҳаракатларни қўллашдан тийилишга қатъий суръатда чақирамиз», — дейилади ҳужжатда.

«ШҲТга аъзо давлатлар минтақадаги чақириқ ва таҳдидларга, биринчи навбатда терроризм ва наркожиноятларнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига қарши курашишда Афғонистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, ушбу вазифаларни ҳал қилишдаги «икки хил стандартлар»га биргаликда қарши туришга тайёрлигини тасдиқлайди», — дея қайд этишди ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари.

ШҲТ иштирокчилари, шунингдек, Афғонистондаги можарони сиёсий мулоқот йўли билан ҳал қилиш ҳамда инклюзив тинчлик жараёнини афғонларнинг ўзлари афғонларнинг раҳбарлиги остида амалга оширишдан бошқа муқобилнинг йўқлиги борасидаги позицияларини тасдиқладилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши 13−14 июль кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари иштирок этишди.