Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Шерзод Раҳмонов Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида"ги низомидаги айрим бандларининг бажарилижини танқид қилди.

Ҳужжатга кўра, «ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини махсус аудио ва видео қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда, Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган экипировкада ошкора усулда амалга ошириши керак». Низомга асосан, йўлларда хизматни яширин олиб бориш тақиқланади.

«Аммо амалиётда бунинг аксини кўраяпмиз, махсус мосламалар экипировка қилинмаган енгил автомобилларга ўрнатилган ҳолда яширин усулда хизмат ўтамоқда. Шунингдек, кўчма махсус мосламалар йўлларда яширин равишда ўрнатилган ҳолатлари кузатилди. Очиғини айтиш керак, Nexia 3 автомобилига радар ўрнатиб, беркиниб «ўлжа пойлаш»дан ким манфаатдор? Халқми ёки ЙҲХБ? Бу баҳсли ва аниқлаштирилиши зарур бўлган масала, деб ҳисоблаймиз», — дейди депутат.

Депутат таъкидлашича, мазкур талабга риоя этилмаган ҳолда расмийлаштирилган баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Унинг фикрига кўра, «энг ёмони меъёрий ҳужжатлар ва реал ҳаётдаги номутаносибликлар минглаб фуқароларнинг ноҳақ жарима тўлишига олиб келмоқда, тегишли суд қарорлари буни тасдиқлайди».

Шерзод Раҳмонов қайд этишига кўра, буларни ҳисобга олиб, Халқ демократик партияси фракцияси Ҳукуматга қуйидаги «қатъий таклифларни» билдиради:

  • йўл ҳаракати қоидалари чуқур танқидий-таҳлилдан ўтказилиши ва шу асосда уларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши зарур;
  • автомобилларда ҳаракатланган ҳолда махсус мосламалар билан тезликни назорат қилиш амалиётига бутунлай чек қўйиш зарур;
  • нафақат стационар, балки барча турдаги радарларнинг жойлашуви онлайн режимда кўрсатилиши керак;
  • йўлларга радарларни жойлаштириш мезонлари қатъий белгилаб қўйилиши лозим.

«Мана шу масалалар ҳал қилинмаса, радарлар ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлиги учунми ёки кўпроқ жарималар йиғиш учунми, деган савол очиқ қолаверади», — дея хулоса қилди ЎзХДП депутати.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорларга автомобиль йўлларида фото ва видео фиксация воситаларини ўрнатишга рухсат берилган. Июль ойининг бошида ЙҲХББ Тошкентдаги радар ва камералар рўйхатини эълон қилган эди.