Янги Ўзбекистон университетида ўқиш учун контракт нархи эълон қилинди. Бу ҳақда университетнинг веб-сайтида маълум қилинди.

Унга кўра,

  • маҳаллий талабалар учун бир семестрга 24 млн 850 минг сўм (бир йил учун 49 млн 700 минг сўм);
  • хорижий талабалар учун эса бир семестрга 5 минг доллар (бир йил учун 10 минг доллар) этиб белгиланган.

Кейинроқ контракт нархлари тўғрисидаги маълумот университет сайтидан олиб ташланди.

Университетда ўқиш нархи ҳақидаги маълумот ўчирилишидан олдин (юқорида) ва кейин (пастда).

Маълумот учун, янги университетда қабул имтиҳонларини Кембриж университети ўтказади. Ўқув режа ва дастурлари Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ишлаб чиқилади.

Сентябрда иш бошлайдиган ОТМда 5 та — муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи марта Шавкат Мирзиёев 2019 йил март ойида пойтахтда президентлик университети очилишини маълум қилган эди.

Январь ойи бошида Шавкат Мирзиёев президент универститети 8000 талабага мўлжалланиши ҳақида маълум қилган.

«Биз президент университетини қурамиз. Оксфорд таълимини биринчи марта Ўзбекистонда жорий қилмоқчимиз. Британиянинг таълим соҳаси дунёда биринчи ўринда туради. Биз янги президент мактабларини очдик, энди 8000 талабага мўлжалланган янги президент университетини очамиз. Барча домлалари чет элдан бўлади», — деган эди давлат раҳбари.