Фарғона, Наманган, Бухоро, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон 24» телеканали.

Фарғона вилоятида

Фарғона вилоятининг Фарғона туманида аҳолига транспорт хизмати билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари риэлторлик билан шуғулланувчи МЧЖ бошлиғи ва яна икки нафар фуқаро билан келишиб, ўзганинг ишончига кириб, унга қурилиш фирмаси балансида бўлган 50 сотих ер майдонини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган.

Транспорт хизмати билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари сўралган пулни олаётган вақтида ДХХ ва депaртаментнинг бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

Наманган вилоятида

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги депaртамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастри палатасининг Намангандаги бўлими раҳбари ва бош мутахассиси ер билан боғлиқ масалада фирибгарлик йўли билан ўзганиш 6 минг доллар ва 42 млн сўм олгани аниқланди.

Бухоро вилоятида

«ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК Бухоро филиали архитектори қурилиш фирмаси вакилига Бухоро шаҳридан кўп қаватли уй-жой қуриш учун 6 сотих ер майдонини ваколатли танишлари ёрдамида E-auksion электрон-онлайн савдолар орқали олиб беришини айтиб, хизмати учун 30 минг доллар талаб қилади.

ДХХнинг Бухуро вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулдан аванз сифатида 10 минг долларини олган вақтида ушланди.

Дастлабки суриштирувлар давомида у мазкур пул маблағини Давлат кадастрлар палатасининг Бухоро тумани филиалининг E-auksion савдолари бўйича муҳандисига бериши маълум бўлди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам пулни олган вақтида ушланди.

Сирдарё вилоятида

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида истиқомат қилиб, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида фермерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс бошқа бир фуқарога тегишли чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги еридан 20 гектарини харидор номига олиб бериши эвазига 8 минг доллар талаб қилган.

У сўралган пулдан 7,5 минг долларни олган вақтида ДХХ ҳамда департамент ходимлари томонидан ушланди.

Тошкент шаҳрида

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи шахс Янгиҳаёт туманида яшовчи фуқарога мансабдор танишлари орқали Сергели туманидан 1,2 сотих ерни олиб беришини ваъда қилиб, эвазига 12 минг доллар сўраган.

ДХХнинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ва департаментнинг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда у сўралган пулдан 6 минг долларини олган вақтида ушланди.

Навоий вилоятида

Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро 2017 йили деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида туман ҳокими қарори билан ўз отаси номига расмийлаштириб берилган 50 сотих ер майдони ҳамда унинг ёнида жойлашган яна шунча ерни мансабдор танишлари орқали харидорга сотмочи бўлиб, харидордан 8 минг доллар сўраган. У сўралган пулдан 4 минг долларни олган вақтида ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.