Президент Шавкат Мирзиёев 13 июль куни рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 253 хил хизматлар кўрсатилмоқда. 2021 йилда уларни яна 60 тага кўпайтириш, 50 дан ортиқ хизматларни соддалаштириш мўлжалланган.

«Энг муҳими, бу ишлар сансалорлик, бюрократия ва коррупцияни камайтириб, вақт ва маблағларни тежаш, унумдорликни оширишга хизмат қилмоқда», — дея қайд этди президент матбуот хизмати.

«Ўзтрансгаз»да шартномаларни бошқариш бўйича ахборот тизими жорий этилгани натижасида харажатлар 30 млрд сўмга қисқаргани таъкидланди. Шунингдек, 360 турдаги давлат божларини Ягона электрон биллинг тизими орқали тўлаш йўлга қўйилгани ҳисобига 24 млрд сўм маблағлар тежалган.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг биринчи ярмида рақамли иқтисодиёт соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 7 трлн 200 млрд сўмни, компьютер дастурлаш хизматлари экспорти 17 млн 500 минг долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, рақамлаштириш рейтинги 65 та ташкилот, 116 та туман ва шаҳарда ишлар суст ташкил этилганини кўрсатмоқда.

«Охирги йилларда қилинган ишлар, албатта, ўз натижасини берди, хизматлар қулай ва одамларга яқин бўлди. Лекин рақамли технологиялар кун сайин ўзгариб, янги-янги имкониятлар очилмоқда. Шунинг учун ҳар бир вазирлик, давлат органи ва ҳудудларда янги дастурларни жорий этиш бўйича „йўл харитаси“ ишлаб чиқиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Рақамли иқтисодиёт хизматларини 16 трлн сўмга, компьютер дастурлари экспортини 40 млн долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, мобил илова орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 100 тага етказиш, хусусан, коммунал соҳа, кадастр, солиқ, божхона, пенсия ва меҳнатга оид маълумотларни олишда қулайликларни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Хабарга кўра, мутасаддиларга вазир портали, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари порталларини шакллантириш, улардаги маълумотларни мунтазам таҳлил қиладиган тизим яратиш бўйича топшириқ берилди.

«Алоқабанк» акциядорлик тижорат банкига мижозлар учун барча хизматларни мужассамлаштирган ягона платформа яратиш, ахборот технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.

Давлат ва хўжалик органлари ходимларининг рақамли технологиялар бўйича саводхонлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди.