Тель-Авивда БАА элчихонаси очилди

БААнинг Исроилдаги элчиси Муҳаммад аль-Хажжанинг айтишича, элчихона «бизнинг янги шериклигимизни янада ривожлантириш, низоларни эмас, балки мулоқотга интилиш, янги тинчлик парадигмасини яратиш ва Яқин Шарқдаги баҳсларни ҳал қилишда янги қўшма ёндашувни таъминлаш бўйича вазифамизни амалга ошириш учун асос бўлади». Исроил президенти Ицхак Герцог элчихонанинг очилиши «бизнинг Яқин Шарқда тинчлик, фаровонлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим босқич» эканлигини таъкидлади. — АР.

БAAнинг Исроидаги биринчи элчиси 1 март куни ўз вазифаларини бажариш учун Тель-Aвивга етиб келган эди. Июнь ойи охирида Абу Дабида Исроил элчихонаси очилган эди.


Буюк Британия ҳукуматида толиблар ҳокимиятга келган тақдирда, улар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини маълум қилишди

Тегишли баёнот Бирлашган Қироллик мудофаа вазири Бен Уоллеснинг Daily Telegraph нашрига берган интервьюсида айтилган. Вазирнинг таъкидлашича, [толиблар] маълум халқаро мажбуриятларга риоя қилса, Буюк Британия Aфғонистондаги вазиятни қабул қилади. «Ҳукумат таркиби қандай бўлишидан қатъи назар, улар муайян халқаро меъёрларга риоя қилишса, Буюк Британия ҳукумати улар билан ишлайди», — деди Уоллес. Унинг фикрига кўра, «Толибон» ўтмишдаги хатоларга йўл қўймайди. Улар халқаро миқёсда тан олинишни истайдилар, бунинг учун эса тинчлик тарафдори бўлиши керак, дея келтиради унинг сўзларини нашр. — Daily Telegraph.


Европа Комиссияси иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича кенг кўламли дастурни тақдим этди

Унинг мақсади 2030 йилга келиб Европа Иттифоқидаги CО2 эмиссиясини 1990 йилга нисбатан камида 55 фоизга камайтиришдир. Дастур «Fit for 55» деб номланган. Бу Европа компаниялари ва уй хўжаликлари томонидан тоза технологиялар, жумладан қайта тикланадиган энергия ва электр транспорт воситаларидан кўпроқ фойдаланишни назарда тутади. Таклиф этилаётган чора-тадбирлар Европа иқтисодиётининг барча сегментлари, шу жумладан электр энергиясини ишлаб чиқариш, автомобилсозлик ва турар-жой соҳалари, шунингдек, денгиз орқали юк ташиш, авиация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида чиқиндиларни камайтиришга қаратилган.

Дастурга кўра, баъзи фаолият турлари ва товарларга қўшимча солиқ жорий этилади. Масалан, Европа Иттифоқи томонидан олиб кириладиган товарларга углерод изига қараб солиқ солиниши кўзда тутилган. 2023 йилдан бошлаб пўлат, цемент, ўғитлар ва алюминий импорти учун солиқлар олинади.

2035 йилга келиб дизель ва бензинда юрадиган автомобилларни сотиш тақиқланади. Бундан ташқари, истеъмолчиларни электр транспорт воситаларига ўтишни рағбатлантириш бўйича қоидалар киритилади. Aтроф-муҳитни ифлослантиргани учун авиация ва транспорт соҳалари ҳам жазоланади — ушбу соҳалар учун тегишли солиқ жорий этилади. — Financial Times.

Шунингдек: 14 июль куни кечаси Европанинг ғарбий ва марказий қисмларига бўронлар бостириб кирди, натижада баъзи шаҳарларда йўл ва уйларни сув босган. Кучли шамол дарахтларни йиқитиб, электр узатиш симларини узган.

Фото: Германиянинг Эркрат шаҳри, David Young/Getty Images


Aрманистон Қорабоғдаги можарода 7−8 минг киши йўқотган — Илҳом Алиев

Озарбайжон президенти Илҳом Aлиевнинг айтишича, Aрманистон томони 2020 йил кузида бўлиб ўтган иккинчи Қорабоғ уруши пайтида камида 7−8 минг кишини йўқотган. Шу билан бирга, президент Aрманистон томонининг ҳақиқий йўқотишлари ушбу кўрсаткичдан кўпроқ эканлигини таъкидлади. Aлиевнинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг Қорабоғ урушидаги йўқотишлари қарийб 3 минг кишини ташкил этди. — Интерфакс.


Францияда Бастилия ишғол этилган кун нишонланди

Парижда миллий байрам — Бастилия ишғол этилган куни муносабати билан анъанавий парад бўлиб ўтди. Франциядаги ушбу миллий байрам Буюк Франция инқилоби билан, яъни 1789 йилда Париж қалъаси Бастилияни эгаллаб олиш куни билан боғлиқ.

Фото: EPA/Vostock-photo

Фото: Франция президенти Эмануэль Макрон, АР/ТАСС


Фото: AP/ТАСС

Фото: Икки нафар гвардия зобити отларидан йиқилиб тушди, AP/ТАСС


Шунингдек:

  • Тбилиси мэри Каха Каладзе ва Боку мэри Эльдар Aзизов икки республика пойтахтларини қардош шаҳар деб тан олиш тўғрисида меморандум имзолашди. Меморандум шаҳарлар ўртасидаги маданият, санъат, туризм, шаҳарсозлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, ахборот технологиялари, энергия самарадорлиги ва чиқиндиларни қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ўз ичига олади. — Тбилиси мэрияси.
  • Машҳур актёр ва продюсер Жеки Чан Хитой коммунистик партияси (ХКП) аъзоси бўлиш истагини билдирди. «Менимча, ХКП ажойибдир, чунки унинг раҳбарияти ваъда қилган ҳамма нарса амалга оширилади. Мен ХКП аъзоси бўлишни хоҳлардим», — деди актёр. Ҳозирда 67 ёшли Жеки Чан Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши аъзосидир.
  • Мьянманинг собиқ давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи 75 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Унга қарши 10 та жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда 76 ёшли сиёсатчи уй қамоғида. 1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳукумат раҳбарлари ҳибсга олингани ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида эълон қилган эди.
  • Жанубий Африкадаги тартибсизликларда 72 га яқин киши ҳалок бўлди. Аввалроқ қурбонлар сони 32 кишини ташкил этгани ҳақида ёзган эди.