Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг 8 июлдаги қарори билан пойтахт маъмурияти давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) натижасида жабрланган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплайди.

E-qaror платформасида жойлаштирилган ҳужжатга мувофиқ, ушбу мақсадлар учун иккинчи чоракда Тошкент бюджетининг иккинчи чорак якунлари бўйича даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 5,72 млрд сўм ажратилади.

Қайд этилишига кўра, зарарни қоплаш учун Молия бош бошқармасига келиб тушган Суд қарорлари ҳамда асослантирувчи ҳужжатлар асосида маблағ ажратилади.

Ўтган йилнинг охирида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йил якунига қадар пойтахтдаги барча бузилган кўчмас мулклар учун компенсациялар тўлиқ тўлаб берилишини ҳақида ваъда берган эди. «Бу йил жуда катта миқдорда — 700−800 млрд сўм пул ва ер кўринишида «снос»га (компенсация тўлашга) кетди. Бизнинг ҳисобларимиз бор, олдимизга қўйган мақсад 2021 йилда 2005 йилдан бузилган бинолар учун ҳеч ким тўловсиз қолмайди», — деган эди пойтахт ҳокими.

Шу йилнинг февраль ойида Бош прокуратура бошқарма прокурори Абдураҳим Муҳиддинов 2020 йилда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган мулклар бўйича етказилган зарарларнинг 55 фоизи қоплаб берилмаганини маълум қилган. У пойтахтнинг 76,4 млрд сўм миқдорида қарзи борлиги ҳақида таъкидлаган.