Наманганнинг Давлатобод туманида яшовчи фуқаро бир мевали боғ ҳудудида бирга ишлаган Тўрақўрғон вилоятидан келган фермерни ўлдирганликда гумон қилинмоқда, дея хабар бермоқда Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Маълумотга кўра, 6 июль куни соат 21:00 ларда, Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи, Н.О. (1965 й.т.) МЧЖга қарашли мевали боғда шу ерда деҳқончилик билан шуғулланган Тўрақўрғон туманида яшаган, М.Н. (1958 й.т.) билан сув талашиб ўзаро жанжаллашиб қолади.

Н.О. қўли билан М.Н. нинг бош қисмига урганлиги оқибатида, ерга боши билан йиқилиб, тан жароҳати олган.

М.Н. олган тан жароҳати бўйича шифохонага ётқизилиб, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, 10 июль куни вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳумнинг баданида ташқи тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, унинг ўлими бош мия ёпиқ шикасти, бош мия тўқима остига қон қуйилишидан келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар Давлатобд тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 10 июль куни Ўз.Р ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ хабар берилганидек, 2021 йилги суғориш мавсумида сув таъминоти 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда. Февраль ойида сувни тежашга оид иқтисодий ва техник чора-тадбирларни ўз ичига олган 2021−2023 йилларда сувни бошқариш ва суғориш соҳасини ривожлантириш стратегияси қабул қилинган. Кутилаётган сув танқислиги шароитида экинларни суғориш ва коллекторларга тушириш пайтида ишлов берилган майдонларни сув босиши ҳар бир ҳолат фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилинади.