Тошкент метрополитени 63,3 млн еврога Россияда ишлаб чиқарилган 10 та поезнд сотиб олмоқда. 12 июль куни ҳукумат қарори (ВМҚ №435) билан тасдиқланган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосида бу ҳақда сўз боради.

«Газета.uz» апрелда Тошкент метрополитени ва ВЭБ.РФ корпорацияси Россиянинг Трансмашхолдинг томонидан ишлаб чиқарилган метро поездларини етказиб бериш тўғрисидаги кредит шартномасини имзолагани ҳақида ёзган эди.

Лойиҳани молиялаштириш манбалари сифатида ВЭБ.РФ корпорациясининг йиллик 1,85% ставка билан 30,4 млн евро ва Росэксимбанкнинг йиллик 0,51 фоиз ставка билан 24,4 млн евро миқдоридаги олинган кредитлар кўрсатилган. Қолган 8,7 млн евро давлат бюджетидан ажратилади.

Вагонларнинг ўзи 50,7 млн евро туради. Маблағларнинг қолгани эса бутловчи қисмлар, кредитларни суғурталаш, молиявий харажатлар, божхона расмийлаштируви ва бошқаларга йўналтирилади.

Ўзбекистон ВЭБ.РФ кредитларини 2031 йилгача қайтариши лозим, бунда фоизлар ва комиссион тўловлар 3,1 млн еврога ўсиб, 33,5 млн еврони ташкил этади. «Росэкисмбанк» кредити эса 2032 йилгачафоизлар ва комиссион тўловлар билан 800,8 минг еврога ошиб, 25,2 млн евро қилиб қайтарилиши керак.

Дастлабки бешта таркибни етказиб бериш ушбу ёзда режалаштирилган. Ҳаракат таркиби Москва яқинидаги «Метровагонмаш» заводида ишлаб чиқарилади. Янги метро вагонлари ҳар бирида тўртта вагондан иборат 10 та поездни ташкил қилади.

Вагонлар ўзаро ўтиш имконини берувчи модул конструкция билан жиҳозланган бўлиб, 1,4 кенгликдаги эшиклари очилиш ва ёпилиш вақтида овозли сигнализация билан таъминланган. Бош вагонларда ногиронлар аравачаси учун жойлар мавжуд. Ҳар бир йўловчи салони бориш станциясини топиш, йўналишни белгилаш, сафар вақтини ҳисоб-китоб қилиш имкониятларини берувчи интерактив сенсорлар билан таъминланган.

Йўловчи салони ва машинист кабинаси видеокузатув, шамоллатиш ва ҳавони зарарсизлантириш тизимлари билан жиҳозланган. Вагонларнинг яроқлилик муддати — 30 йил.

Эслатиб ўтамиз, «Метровагонмаш» 2019 йилда Ўзбекистонга бешта «Москва» поездини етказиб берган эди. Ҳаракат таркибини кенгайтириш Тошкент метрополитенининг ривожланиши — янги станциялар ва ер усти ҳалқа метроси қурилиши билан боғлиқ.