Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), PricewaterhouseCoopers ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда бугун «Ўзбекистонда бизнес юритиш қиймати 2021» нашри эълон қилинди. Нашр рус ва инглиз тилларида эълон қилинди (PDF).

Мазкур нашр бизнеснинг асосий ҳаражатларини, шу жумладан корхонани рўйхатдан ўтказиш, иш ҳақи бўйича харажатлар, солиқлар ва солиқ имтиёзлари, лицензиялаш, ташқи савдо тартиботлари, божхона тўловлари ва преференциялари, бизнес хизматлари, моддий-техника таъминоти ва Ўзбекистонга тегишли бошқа турдаги ишбилармонлик масалаларини ўз ичига олган кенг қамровли маълумот тақдим этади.

Шунингдек, ушбу нашр ташқи савдо бўйича умумий қўлланмани ўз ичига олган бўлиб, унда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, энг қулай садво-сотиқ тартиби бўйича битимлар ва Ўзбекистон билан амалдаги эркин савдо шартномаларига эга бўлган давлатлар кўрсатилган.

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг қайд этишича, мазкур нашрда янги бизнес очиш жараёнлари, виза олиш, солиқ ва божхона тўловларини амалга ошириш тартибларини баён этган. Бизнес хизматлар бозоридаги мавжуд масалалар, хусусан, молия ва суғурта, фонд бозори ва қимматли қоғозлар бозоридаги имкониятлар қамраб олинган. Бундан ташқари, логистик харажатлар, ижтимоий-маиший хизматларгача бўлган бизнес учун муҳим бўлган жиҳатлар батафсил келтирилган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳисобот фақатгина бизнес учун фойдали эмас. У Ўзбекистонда бизнес юритиш жараёнларини янада ривожлантириш ва соддалаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун муҳим индикатор ҳисобланади.

«Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олиб бўлди ва улар иқтисодиётнинг бозор тамойилларини ривожлантириш ҳамда реал инвестицион лойиҳаларга бизнес ғояларни самарали мужассам этиш учун энг мақбул ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга содиқ бўлган янги Ўзбекистонга айланишга қаратилган», — деди у.

Нашр 6 бўлим, 190 саҳифадан иборат. Биринчи бўлимда қандай қилиб бизнес очиш, бунинг учун зарур бўлган лицензия ва рухсатномалар, бунинг учун талаб қилинадиган харажатлар, ходимларни қандай танлаш, идора учун кўчмас мулкни ижарага олиш ёки харид қилиш, хом ашёни қаердан топиш бўйича босқичма-босқич ҳикоя қилинади.

Иккинчи бўлим солиқлар ва йиғимларга бағишланган бўлиб, унда солиқ режимлари, солиқ турлари ва ставкалари, имтиёзлар ва преференциялар, божхона тўловлари ва утилизация йиғимлари, божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган ҳужжатлар рўйхати, махсус иқтисодий зоналар ва бошқаларга бағишланган.

«Бизнес хизматлари» деб номланган учинчи бўлимда банк хизматлари, кредитлаш ва лизинг, суғурта, пул ўтказмалари, фонд бозори, кўчмас мулкни баҳолаш, телекоммуникация хизматлари ва бошқалар тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Тўртинчи бўлимда ижтимоий ва маиший хизматлар, яъни Тошкентдаги олий ўқув юртлари, турли хил ўқув курсларида ўқиш, тиббий хизматлар, спорт ва фитнес соҳасидаги хизматлар, озиқ-овқат, жамоат транспорти нархлари ва бошқалар ҳақида сўз боради.

Бешинчи бўлимда ресурслар, аниқроғи Ўзбекистон ҳудудлари ва уларнинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳақида батафсилроқ сўз боради. Шунингдек, бу бўлимда шаҳарлар орасидаги масофалар, ҳокимликлар ва Савдо-саноат палатаси манзиллари кўрсатилган.

Олтинчи бўлим турли хил иловаларни тақдим этади. Масалан, оммавий ким ошди савдосида хусусийлаштириладиган корхоналар рўйхати, шунингдек, вазирлик ва идоралар, ҳакамлик суди, марказлар ва идоралар, банклар, акциядорлик жамиятларининг боғланиш учун маълумотлари, асосий давлат хизматларига фойдали ҳаволалар ва бошқалар.