Пандемия бошланганидан буён дунёда тўйиб овқатланмайдиганлар сони кўпайди — ФАО

2020 йилда дунёдаги очлик муаммоси, асосан коронавирус пандемияси туфайли катта миқёсга чиққан, дея маълум қилмоқда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО). Ҳисоботга кўра, ўтган йили дунё аҳолисининг ўндан бир қисми — 811 млнгача одам тўйиб овқатланмасликдан азият чеккан. Таққослаш учун, 2019 йилда бу кўрсаткич дунёдаги умумий аҳолининг тахминан 8,4 фоизини ташкил этган. «2030 йилгача очликни тўхтатиш мақсадига эришиш учун катта куч талаб этилади», дейилади хабарда. Маълумотларга кўра, тўйиб овқатланмаганларнинг ярмидан кўпи (418 млн) Осиёда, учдан бир қисмидан (282 млн) ортиғи Aфрикада яшайди. Лотин Aмерикаси ва Кариб ҳавзасида қўшимча 60 млн одам тўйиб овқатланмайди. Таъкидланишича, очлик муаммосининг кескинлашиши Aфрикада кузатилган, бу ерда аҳолининг 21 фоизи тўйиб овқатланмайди, бу дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда икки баравар юқори. — ФАО.


Aфғонистон ҳудуди бошқа мамлакатларга қарши ишлатилмайди — «Толибон»

"Толибон" Aфғонистон ҳудудидан бошқа мамлакатларнинг хавфсизлигига таҳдид яратиш учун фойдаланишга йўл қўймаслигини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ҳаракатнинг расмий вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳиннинг сўзларига таяниб хабар бермоқда. «Aфғонистонни бошқа давлатларга қарши [ҳужум қилиш учун] ишлатмоқчи бўлган чет элликларни, ёлғиз бўлиб келган бўладими ёки гуруҳ бўладими, уларни қабул қилмаймиз», — деди расмий вакил. «Биз Aфғонистондаги бирон бир гуруҳ учун очиқ ёллаш, ўқитиш ёки маблағ йиғишга йўл қўймаймиз».

Шунингдек, ҳаракат Туркия раҳбариятининг Aфғонистондаги контингентнинг бир қисмини сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорини мамлакат суверенитетини ва ҳудудий яхлитликни бузиш деб билиши ва улар Афғонистонни тарк этишмаса, уларга ҳужум уюштириши ҳақида огоҳлантирди. Июнь ойида «Толибон» Туркиядан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилган эди.

Аввалроқ «Толибон» Марказий Осиё давлатлари чегараси бузилмаслигига, Афғонистон ҳудудида хориж давлатларининг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари хавфсизлиги бўйича кафолатлагани ҳақида хабар берган эдик.


Google Францияда 593 млн доллар миқдорида жаримага тортилди

Франциянинг рақобат бўйича идораси Google компаниясини янги нашриётлар билан муаллифлик шартномалари бўйича музокаралар ўтказиш талабларини бузгани учун 593 млн доллар миқдорида жаримага тортди. Таъкидлашича, Google нашриётчилар билан қидирув натижаларида уларнинг нашрларидаги парчаларни кўрсатиш имкониятини муҳокама қилиши керак, аммо компания буни бажармай келган. — Интерфакс.

Аввалроқ АҚШнинг Google компанияси Францияда рақамли реклама бозоридаги устун мавқеини суиистеъмол қилганликда айбланиб, 220 млн евро миқдорида жаримага тортилган эди.


Францияда мажбурий эмлаш жорий этилиши мумкин

Франция президенти Эммануэль Макрон тиббиёт ходимлари учун COVID-19'га қарши мажбурий эмлашни, жамоат жойларига ва шаҳарлараро транспортга йўлланмалар жорий этилишини эълон қилди ва агар вазият ёмонлашса, барча учун мажбурий эмлашни истисно қилмади.

Мамлакатдаги тиббиёт муассасалари ходимлари 15 сентябрга қадар тўлииқ эмланиши керак бўлади. Ўқув йили бошидан мактабларда махсус эмлаш кампаниялари бошланади. Таъкидланишича, июнь ойининг ўрталаридан бошлаб 12 ва ундан катта ёшдаги барча болалар учун вакцинация марказлари очилган.

Июлнинг охири ёки август ойининг бошидан бошлаб барча дам олиш ва маданият жойларига, 50 дан ортиқ одам иштирокидаги тадбирларга, кафе ва ресторанларга, савдо марказларига кириш учун, шунингдек, поездлар, самолётлар ва шаҳарлараро автобусларда мажбурий бўлган санитария йўлланмаси жорий этилади. Ҳужжатда тўлиқ эмланиш ёки салбий ПЗР тест натижалари ҳақида маълумот бўлади.

Макроннинг сўзларига кўра, ушбу куздан бошлаб Францияда ПЗР синовлари пуллик бўлади. Сентябрь ойи бошида 2021 йил январь ва февраль ойларида эмланганларни қайта эмлаш бўйича кампания бошланади. — Интерфакс.


Aнглия карантин чораларини бекор қилишни режалаштирмоқда

Aнглия касаллар сони кўпайганига қарамасдан, ушбу ҳафта охирида карантин чекловларини бекор қилишнинг сўнгги босқичига ўтади. «Ушбу қадам учун ҳеч қачон мукаммал вақт бўлмайди, чунки биз бу вирусни йўқ қила олмаймиз. Истаймизми ёки йўқми, коронавирус ҳеч қаерга кетмайди», — деди соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид. 19 июлдан бошлаб Aнглияда баъзи жамоат жойларида ниқоб тақмасликка рухсат берилади, йиғилишларга қўйилган чеклов бекор қилинади ва ижтимоий масофа қисман бекор қилинади. Ресторан ва тунги клубларга ташриф буюрувчилар сонидаги чекловлар ҳам олиб ташланади. Шу билан бирга, вазир фуқароларга ўзларини ҳимоя қилиш учун вирусга қарши эмлаш сертификатларидан фойдаланишни тавсия қилди. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • БМТ Афғонистон гуманитар фожиага яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Мамлакатда можаронинг кескинлашуви сабаб аҳоли ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. Аввалроқ Aфғонистонда 18 млндан ортиқ киши шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож бўлиб қолаётгани ҳақида ёзган эдик.
  • Ироқнинг Эн-Насирия шаҳрида жойлашган касалхонадаги COVID-19 беморлари даволанадиган бўлим ёниб кетди. Камида 50 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган.
  • Сўнгги тўрт кун ичида ЖАРдаги тартибсизликларда 32 га яқин киши ҳалок бўлди. Мамлакатда собиқ президент Жейкоб Зуманинг қамоққа олингани сабабли норозилик намойишлари бошланган.