Афғонистон гуманитар фожиага яқинлашмоқда, чунки мамлакатдаги можаронинг кескинлашиши инсонлар азият чекишининг кўпайишига ва аҳолининг кўчишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги (ҚИОК) огоҳлантирди.

ҚИОК ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил январидан бошлаб 270 минг афғонлар асосан хавфсизликнинг йўқлиги ва зўравонлик сабабли мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлган. Кўчишга мажбур бўлган фуқаролар сони 3,5 миллион кишидан ошган.

«Сўнгги ҳафталарда ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган оилалар қочишларининг асосий сабаби сифатида хавфсизлик соҳасида вазиятнинг ёмонлашганини кўрсатишмоқда», — дея таъкидлайди ҚИОК.

Шунингдек, комиссарликнинг таъкидлашича, кўчишга мажбур бўлган фуқаролар ноҳукумат қуролли кучлар томонидан товламачилик қилинаётганлиги ҳамда асосий йўлларда қўлбола портлатиш воситалари борлиги ҳақида маълум қилган.

БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи уч ойида оддий аҳоли ўртасида қурбонлар сони ўтган йилга қараганда 29%га ошган. Уларнинг орасида аёллар ва болалар сони ортиб бормоқда.

«Афғон халқининг матонати узоқ вақтга чўзилган можаро, кўп сонли кўчишга мажбур бўлган фуқаролар, COVID-19 пандемияси, такрорланиб турадиган табиий офатлар, шу жумладан қурғоқчилик, ва чуқурлашиб бораётган камбағаллик сабабли тугаб бормоқда. Афғонистонда тинчлик бўйича шартномага эришилмаганлиги ва ҳозирги зўравонликнинг тўхтатилмаслиги аҳолининг яна мамлакат ичида, шунингдек қўшни ва бошқа мамлакатларга кўчишга мажбур бўлишига олиб келади», — дейилади хабарда.