Ўзбекистон Молия вазирлиги Лондон фонд биржасида 635 млн АҚШ доллари ва 2,5 трлн сўм қийматидаги халқаро облигацияларни жойлаштирди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Дастлаб облигацияларни чиқариш ташкилотчилари евробондлардан долларлик транш учун 4,25−4,375% атрофида ва сўмлик транш учун 14,5% атрофида даромад бўлишини кутишаётганди, лекин кейин бу кўрсаткичлар пастлади.

Буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинганидан сўнг, доллардаги облигацияларга талаб 2,25 млрд доллардан, сўмдагиларга эса — 350 млн доллардан ошиб кетди.

Савдолар натижасига кўра, йилига 3,9% даромад билан 635 млн долларлик доллар транш 10 йил муддатга (тўлов муддати -2031 йил 19 октябрь) чиқарилди. 2,5 трлн сўмлик (тахминан 235 млн доллар) сўмлик евробондлар йиллик 14% даромад билан 3 йилга (2024 йил 19 июль) жойлаштирилди.

Евробондларнинг доллар ва сўмда асосий харидорлари инвестиция фондлари (92%) бўлди. Евро облигациялари доллар билан энг кўп АҚШ (56%) ва Буюк Британияда (23%), сўмда эса Буюк Британияда (43%) ва Европа мамлакатларида (24%) сотиб олинган.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов «Газета.uz»га берган интервьюсида 2021 йилда давлат бюджети тўғрисидаги қонунга биноан ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5 млрд доллар, ички қарзни жалб қилиш учун эса 500 млн долларгача бўлган миқдорда белгиланганлигини эслатди. Унинг таъкидлашича, евробондлар ушбу лимит доирасида чиқарилиши ҳақида маълум қилинган эди.

«3,3 млрд доллар [$5 млрддан] инвестиция лойиҳалари учун, 1,7 млрд доллар эса бюджет камомадини [қоплаш] учун жалб қилинмоқда. 1,7 млрддан биз 870 млн долларни евробонд сифатида жалб қиламиз, қолган 830 млн долларни эса бюджетни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтларидан жалб қиламиз», — деган эди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, миллий валютадаги халқаро облигациялар чиқарилишидан тушадиган маблағлар Ўзбекистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) дастури доирасида БРМни молиялаштиришга сарфланади. Гап мактаблар, касалхоналар қуриш, сув таъминоти, гендер тенглиги сиёсатини тарғиб қилиш ва бошқалар ҳақида кетмоқда.

2019 йил февраль ойида Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бор умумий қиймати 1 млрд доллар бўлган евробондларни сотувга қўйган. 500 млн доллар бўлган 5 йиллик қоғозларнинг даромадлилиги йилига 4,75 фоизни, 10 йиллик евробондлар (500 млн долларлик) — 5,375 фоизни ташкил этган. Қарз облигацияларини қоплаш муддатлари 2024 ва 2029 йилнинг февраль ойига белгиланган эди.

2020 йил ноябрь ойида Ўзбекистон доллар ва сўм номиналидаги умумий қиймати 750 млн долларга тенг бўлган иккита транш евробондларини чиқарди. Савдо натижасида йилига 3,7% даромад билан 555 млн долларлик доллар транш 10 йил муддатга (тўлов муддати 2030 йил 25 ноябргача), евро облигациялари сўмда 2 трлн сўмга тушум билан йилига 14,5% даромад билан — 3 йилга (2023 йил 25 ноябрь) чиқарилган.

Еврооблигация — эмитент хорижий валютадаги узоқ муддатли қимматли қоғоз. Евробондлар узоқ муддатга — 1 йилдан 40 йилгача муддатда пул маблағларини олишдан манфаатдор бўлган халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, йирик корпорациялар томонидан чиқарилади. Муайян муддатдан кейин қайта сотиб олиниши керак. Номида «евро» сўзи қўшилган бўлса ҳам (бундай қимматли қоғозлар илк бор Европада пайдо бўлган), бугунги кунда улар турли бозорларда турли валюталарда чиқарилади.