Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коронавирусга қарши курашиш республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган карантин чекловлари бекор қилингани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Эслатиб ўтамиз, 28 июнь куни махсус комиссия номуайян муддатга бутун республикадаги кўнгилочар объектлар (ресторанлар, тунги клублар, караоке, билярдхоналар ва компьютер заллари, умумий овқатланиш шохобчалари — кафе, ошхона ва чойхоналар) иш вақтини 8:00 дан 22:00 этиб белгилаган эди. Фақатгина Қашқадарё вилоятида умумий овқатланиш муассасалари иш соати 22:00 гача узайтирилган.

ССВ матбуот хизматининг қайд этишича, ушбу тартиблар маълум бир муддат учун қабул қилинган эмас, яъни эпидемиологик вазият барқарорлашганда ушбу чекловлар бекор қилинади.

«Агар карантин қоидаларига оид бирор ўзгариш киритилса, буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий саҳифалари орқали эълон қилинади. Шундай экан, юртдошларимиздан ва айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз ва тасдиқланмаган хабарлар тарқатмасликларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарор ва чоралар баъзида бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолаётгани, айрим чекловларга эса амал қилиш мутлақо имконсиз экани ҳақида ёзган эди.

Махсус комиссиянинг ҳалигача барча қарорлари эълон қилинадиган ва хроноголик тартибда сақланадиган расмий сайти йўқ, комиссиянинг қарорлари турли идоралар томонидан ва турли манбаларда, шу жумладан Telegram мессенжерида эълон қилинмоқда.

28 июндан 12 июлга қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автобус ва автомобиль орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди. Мазкур чекловлар муддати узайтирилган ёки бекор қилингани ҳақида ҳозирча хабар берилгани йўқ.