15−16 июль кунлари Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ташриф билан Ўзбекистонда бўладилар. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан ўтказилаётган брифингда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Покистон етакчиси расмий ташриф билан, Афғонистон раҳбари эса Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида амалий ташриф билан келмоқда.

Таъкидланишича, конференцияда Афғонистон ва Покистон президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сисати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга видеомурожаат йўллайди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Афғонистон ва Покистон Президентлари, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Туркия, Бангладеш, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, АҚШ Президентининг Ички хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари Жозеп Боррель билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Шунингдек, шу ҳафта қатор ҳудудларда насос станцияларини модернизация қилиш юзасидан йиғилиш ўтказилади