Сурхондарёда тез тиббий ёрдам учун 5 та Damas сотиб олинди. ССВ ушбу хизматга Damas сотиб олинмаслигини айтган эди

Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалиги июль ойида камида бешта Damas-2 D13 автомашиналарини харид қилган. ССВ ўринбосари Амрилло Иноятов ўтган йилнинг охирида Damas русумидаги автомобилларни тиббиёт учун сотиб олиш тўхтатилганини айтган эди.

Афғонистон ва Покистон етакчилари Ўзбекистонга келади

15−16 июль кунлари Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Шавкат Мирзиёев бир қатор мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Шунингдек, шу ҳафта қатор ҳудудларда насос станцияларини модернизация қилиш юзасидан йиғилиш ўтказилади.

Жаҳонгир Отажонов сиёсатдан кетишини маълум қилди

Санъатдан кетишини эълон қилган ва президент сайловларида иштирок этишни ният қилган Жахонгир Отажонов онасининг норозилиги туфайли сиёсатдан кетишини эълон қилди. У бу йил концерт беришни режалаштираётганини маълум қилди.

Афғонистон ҳарбийларини Ўзбекистонга қабул қилиш бўйича мурожаат бўлмаган — Шерзод Асадов

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов КХШТ томонидан Ўзбекистон ҳудудига ҳарбий базани жойлаштириш бўйича таклиф келиб тушмаганлигини маълум қилди. Шунингдек, унинг таъкидлашича, АҚШ томонидан афғон ҳукумати аскарларини вақтинча Ўзбекистон ҳудудига қабул қилиш бўйича таклиф ҳам келиб тушмаган.

Masdar билан иккита қуёш электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзоланди

Masdar компанияси билан Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита фотоэлектр станциясини қуриш бўйича лойиҳа шартномалари имзоланди. Қурилиш 2022 йилнинг биринчи чорагида бошланади.

Токиодаги Олимпиадада иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркиби эълон қилинди

Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини 71 нафар спортчи ҳимоя қилади. Ўзбекистонлик спортчилар 17 та спорт тури бўйича кураш олиб борадилар — энг кўп спортчилар бокс ва дзюдода (спортчиларнинг тўлиқ рўйхати ва иккинчи кун мусобақалар дастури).

«Очиқ бюджет» портали ишга тушди. Фуқаролар бюджетнинг бир қисмини сарфлашда иштирок этишлари мумкин

Ўзбекистонда янгиланган «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди. Унда давлат бюджети ва қарзи бўйича маълумотлар эълон қилиб борилади. Плафтормада «Ташаббусли бюджет» бўлими яратилган. У орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин. Ушбу платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида «Газета.uz» қўлланмасида.