Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалиги томонидан июль ойида камида бешта Damas-2 D13 (1; 2; 3; 4; 5;) русумидаги махсус автомашиналарини харид қилиш бўйича шартномалар имзоланган. Бунга Davletov.uz Telegram канали эътибор қаратди.

Ҳар бир Damas бюджетга 76 млн 242 минг сўмдан тушган. Вилоят ҳокими қарори билан маҳаллий бюджетдан Термиз шаҳар ҳокимлигига хизмат машинасини сотиб олиш учун 245 млн сўм маблағ ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов 2020 йилнинг охирида Damas русумидаги автомобилларни тиббиёт соҳаси учун харид қилиш тўхтатилганини маълум қилган эди.

Республика шошилинч тез тиббий ёрдами илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов эса «шошилинч тиббий ёрдамни ривожлантиришнинг долзарб вазифаси — Damas русумли автомашиналардан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда уларни Б ва С классидаги тиббий транспорт воситаларига алмаштириш» эканлигини таъкидлаган.

«Агар 2016 йилда тез ёрдам хизмати автоулов паркининг асоси Damas автомобилларидан ташкил топган бўлса, ҳозирги кунда тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган Б ва С классига мансуб реанимобиллар сони 549 тага етди. Яқин кунларда барча „Damas“ автомашиналари 1000 дона Б классига мансуб замонавий машиналар сотиб олиниши ҳисобига алмаштирилади», — деган эди Тўлаганов.