Фермерлар мактаби — иқтисодиёт ва илм-фаннинг интеграцияси самарасидир.

«Агробанк», Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети томонидан Ўзбекистон бўйлаб Фермерлар мактаби лойиҳаси амалга ошириляпти.

Фермерлар мактаби ташкил қилинишидан асосий мақсад — тингловчиларга (йилига ўртача 1000 та) қишлоқ хўжалиги ва бизнесни юритиш бўйича янги билимлар бериш, тадбиркорлик кўникмаларини ошириш ва малакали ёш фермерларни тайёрлаш.

Лойиҳани амалга оширишда Туркия Ziraat банкининг Ёш фермерлар академияси ҳамда Россия «Россельхозбанк"ининг Фермерлар мактаби амалиётларидан фойдаланилди.

Ўқишга қабул қилиш жараёни сайт ва Telegram-bot орқали амалга оширилди.

Биринчи босқичда 1745 та ёшлар ариза топширди, бир ўринга ўртача 11 та талабгор тўғри келди. Илмий ходимлардан иборат комиссия томонидан ўтказилган суҳбат натижасига кўра, 18−35 ёшдаги 150 та тингловчи ўқув курсига қабул қилиниб, жорий йилнинг 1 июнидан ўқиш бошланди.

Фермерлар мактаби бешта ҳудудда, Тошкент давлат Аграр университети ҳамда унинг Нукус, Самарқанд ва Термиз филиаллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ўқув корпусларида ташкил этилди. Тингловчилар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жалб этилди:

  • Тошкентда — Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари;
  • Нукусда — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти;
  • Самарқандда — Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятлари;
  • Термизда — Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари;
  • Андижонда — Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари.

Ўқиш муддати икки ой бўлиб, беш ҳафта назарий таълим, икки ҳафта амалиёт, бир ҳафта бизнес режа тайёрлаш ва уни ҳимоя қилишни назарда тутади.

Амалий дарслар тажриба участкалари ва йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўтилади.

Мактабларда чорвачилик, паррандачилик, сабзавот ва полизчилик, иссиқхона хўжалиги ҳамда бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик йўналишлари бўйича дарслар берилмоқда.

Ўқув жараёнини замонавий хориж стандартлари асосида ташкил қилиш, ўқув-методик дастурларини ишлаб чиқиш учун хорижда (Буюк Британияда) академик таълим бўйича PhD даражасига эга мутахассислар гуруҳи жалб этилди.

Ҳар бир йўналиш бўйича тингловчилар учун қўлланмалар (handbook) тайёрланиб, таълимнинг назарий ва амалий жараёнлари ҳамда баҳолаш мезонлари тўлиқ ёритиб берилди.

Дарсларга ўз соҳасида юқори малакали, халқаро тажрибага эга мутахассислар, етакчи тадбиркорлар ўқитувчи сифатида жалб қилинди.

Жумладан, хорижий, маҳаллий ва амалий тажрибасини инобатга олган ҳолда 37 нафар ўқитувчилар танлов асосида жалб этилди. Илмий мутахассислар таркиби саккизта фан доктори, учта профессор, 11 та фан номзоди ва 12 та доцентдан иборат. Шу жумладан:

  • «Чорвачилик» йўналишида — Германия Магдебург университетида таълим олган ва PhD даражасига эга А. Қурбонов;
  • «Сабзавотчилик ва полизчилик» йўналишида — Жанубий Кореянинг Кюнгпук университетида таълим олган ва PhD даражасига эга А. Шамсиев;
  • «Бизнес» йўналишида — Польшадаги Варшава амалий фанлар университети ва Япониядаги Токио Қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университетида таълим олган С. Мамасолиев ва Хитойдаги Ҳунан университетида таълим олган Н. Нурматовлар жалб қилинди.

Ўқитиш жараёни сўнгги жаҳон амалиёти бўйича кредит-модуль шаклида ташкил этилиб, ҳар бир модуль якунида тингловчилар ўз кредит балларини йиғиб боради.

Банк томонидан ўқитувчи ва тингловчилар учун махcус шаффоф ўқув платформаси яратилди. Платформа орқали ўқув дастурлари, қўлланмалар ва адабиётлар электрон шаклда тақдим қилиб борилади ҳамда ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати тингловчилар томонидан баҳоланади.

Битирувчилар ўқиш давомида олган билимлари асосида ўз бизнес режаларини ишлаб чиқади ва ўқув курси якунида битирувчиларга махсус сертификатлар берилади. Ушбу сертификатлар асосида битирувчиларга имтиёзли кредитлар ажратилади.

Фермерлар мактабини ташкил қилиш ҳамда ўқитиш билан боғлиқ барча харажатлар «Агробанк» томонидан қопланмоқда.

Тингловчиларга нафақат сифатли билим бериш, балки уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ўқиш ва яшаш шароитини юқори стандартлар асосида ташкил қилишга катта аҳамият қаратилди.

Фермерлар мактаби учун алоҳида логотип, бренд концепцияси ишлаб чиқилди, ўқув хоналари замонавий стандарт ва талаблар асосида таъмирланди. Тингловчилар ягона шаклдаги махсус кийимлар (форма) билан бепул таъминланди.

Ҳар бир ҳудуддаги ўқув хоналари сўнгги русумдаги компьютер, принтерлар, телевизор ва интерактив панель ҳамда интернет билан жиҳозланди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.