11 июль кечаси Европа чемпионатининг финал учрашуви ўтказилади. Ўйин олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

Жамоаларнинг гуруҳ босқичидаги натижалари:

Италия терма жамоаси мусобақанинг гуруҳ босқичида «А» гуруҳида иштирок этди. Мазкур гуруҳда италияликлар билан биргаликда Уэльс, Швейцария ҳамда Туркия терма жамоалари жой олган эди. 1-турда Италия — Туркия терма жамоаси устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 2-турда Италия Швейцарияни худди шундай ҳисобда (3:0) мағлубиятга учратди. Дастлабки икки турдан сўнг нимчорак финал масаласини ҳал этиб бўлган Италия терма жамоаси 3-турда Уэльсни 1:0 ҳисобида енгди. Шу тариқа жамоа «А» гуруҳида 9 очко тўплаган ҳолда, 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди.

Англия терма жамоаси «D» гуруҳида иштирок этди. Мазкур гуруҳда, шунингдек, Хорватия, Чехия ҳамда Шотландия терма жамоалари ҳам бор эди. Илк турда Англия 1:0 ҳисобида Хорватия устидан ғалаба қозонди. 2-турда Англия — Шотландия учрашувида 0:0 ҳисоби қайд этилди. 3-турда эса Англия Чехия устидан 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 3 ўйинда 2 ғалаба ва 1 дуранг қайд этган ҳолда Англия плей-офф йўлланмасига эга чиқди.

Плей-оффдан финалга қандай етиб келишди?

Италия терма жамоасига нимчорак финалда Австрия термаси рақиб бўлди. Ўйиннинг асосий вақтида 0:0 ҳисоби қайд этилди. Қўшимча 30 дақиқаликда Италия иккита, Австрия эса бита гол урди. Шу тариқа баҳс 2:1 ҳисобида якунига етди ва Италия чорак финалга йўл олди.

Чорак финалда эса Италияга Бельгия терма жамоаси рақиб бўлди. Ушбу ўйинда барчаси 1-бўлимда ҳал бўлди. Италия 31 ва 44-дақиқаларда гол урган бўлса, бўлим охирида Бельгия гол уриб, ҳисобни қисқартирди. 1:2 ҳисоби ўйин якунига қадар сақланиб қолди ва Италия ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди.

Ярим финалда Италия Испания билан куч синашди. Ўйиннинг асосий вақтида 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Қўшимча вақтларда ҳам ғолиб аниқланмади. Пенальтилар сериясида италияликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олди.

Англия терма жамоасига нимчорак финалда Германия рақиб бўлди. Ушбу баҳсда англияликлар 2:0 ҳисобида ғалабага эришди ва кейинги босқичга йўл олди.

Чорак финалда Англия Украинага қарши баҳс олиб борди. Харри Кейннинг дубли, Магуайр ва Хендерсонларнинг урган голлари эвазига Англия терма жамоаси 0:4 ҳисобида ғалабага эришиб, ярим финалга чиқди.

Бу босқичда эса уларга Дания терма жамоаси рақиб бўлди. Ўйиннинг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Қўшимча вақтларда пенальтидан урилган гол Англия терма жамоасини финалга олиб чиқди.

Терма жамоаларнинг Европа чемпионатидаги финаллари

Бугун бўлиб ўтадиган финал ўйини Италия учун Европа чемпионатлари тарихидаги тўртинчи финал ҳисобланади. 1980 йили бўлиб ўтган Европ чемпиоантида Италия Югославия терма жамоаси билан финалда ўйнаган ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2000 йили ўтказилган Европа чемпионатида эса Италия ҳамда Франция терма жамоалари финалга қадар йўл олган. Ушбу ўйинда Франция терма жамоаси қўшимча вақтлардаги гол эвазига 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпион бўлган. 2012 йили Польша ва Украина майдонларида бўлиб ўтган Европа чемпионатининг финалида Италия терма жамоаси Испанияга қарши баҳс олиб борган. Ўйинда испанияликлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолибига айланишган.

Англия терма жамоаси учун эса мазкур финал ўйини Европа чемпионатлари тарихидаги илк финал ҳисобланади. Бундан аввал терма жамоа финалга чиқа олмаган. Англияликларнинг турнирлардаги энг яхши натижаси бу ярим финал ҳисобланади. 1996 йилги Европа чемпионатида Англия Германияга қарши ярим финалда ўйнаган ва пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, турнирни тарк этган.

Ўзаро ўйинлар

Мазкур терма жамоалар ўзаро 27 бор тўқнаш келишган. Шундан 10 та учрашувда Италия, 8 тасида эса Англия ғалаба қозонган. 9 ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати борасида Англия устун — 31:33.

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари

Европа чемпионатида Италия терма жамоаси сафида энг фойдали футболчи Чиро Иммобиле бўлиб турибди. У 5 ўйинда жами 391 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Ушбу ўйинларда футболчи 2 марта гол уриб, 2 марта голли пас беришга муваффақ бўлган.

Англия терма жамоаси сафида эса Раҳим Стерлинг 6 ўйинда иштирок этиб, 522 дақиқани майдонда ўтказган. Унинг ҳисобида 3 та гол ва 1 та голли пас бор.

Учрашув қаерда ўтказилади?

Фото: gettyimages.com

Мазкур ўйин Лондон шаҳридаги «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади. Пандемия шароитида мазкур стадионнинг 50 фоизи мухлислар билан тўлдирилишига рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, Италия — Англия учрашуви 11 июлдан 12 июлга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.