Коронавирусга чалинган беморларини даволаш марказлари Ўзбекистоннинг икки вилоятида пневмония билан касалланиш ва ҳолатларнинг кўпайиши сабабли қайта иш бошламоқда.


Самарқанд шаҳридаги спорт мажмуасида ўтган йил август ойида ташкил этилган ва касалланиш кўрсаткичлари камайиши билан ёпилган 1000 ўринли даволаш ва тақсимлаш маркази яна иш бошлади.

Марказ раҳбари ва Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожоновнинг сўзларига кўра, шу пайтгача COVID-19 ташхиси қўйилган беморлар Самарқанддаги 340 ўринли иккита ихтисослаштирилган касалхонада даволанган.

«Аммо бугунги кунда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Бу ерда вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келтирилаётган беморларни даволаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд, дори воситалари захираси яратилган. Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари марказда ишлашга жалб қилинган», — дея қўшимча қилади у.

«Касаллик белгилари ва асоратлари бир хил эмас, ўзгариб турибди», — дейди у. Таъкидланишича, айни пайтда коронавирус юқтирган беморларда асосан, ҳолсизлик, бўғимлар оғриғи, диарея кузатилмоқда. Ўтган йил беморларда дастлабки босқичда ўпкада зарарланиш кузатилган бўлса, ҳозир касалликнинг беш-олтинчи кунидан бу хавф юзага келяпти.

«Шу сабабли аҳолидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари ҳамда касалликка қарши эмлаш жараёнларида фаол иштирок этишларини сўраймиз. Саломатлигимизни асраш ўзимизга боғлиқ — тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилсак касаллик биздан йироқ бўлади», — дейди Аҳмаджон Бобожонов.


Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ўтган йил ташкил этилган ва касалланиш кўрсаткичлари камайиши билан ёпилган даволаш ва тақсимлаш маркази яна иш бошлаган.

«Шу пайтгача COVID-19 инфекцияси аниқланган беморлар Наманган шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган эди. Аммо бугунги кунда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари марказда ишлашга жалб қилинган», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Кеча Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ана шу марказга борди. У марказда ҳар қандай ҳолатда ҳам электр энергияси, ичимлик суви ҳамда кислород узилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. «Барча электр генераторлари доимо шай туриши, кислород захиралари аввалдан етказиб берилиши шарт», — дейди у.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги спорт саройида COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш учун заҳира маркази очилмоқда. Ушбу заҳира маркази 100 ўринга мўлжалланиб, у етарлича совитгичлар, кислород концентраторлари, шифокор ва ҳамширалар билан таъминланади.

Шунингдек, туман ҳудудидаги Жаҳон тиллари университети талабалар турар жойида ҳам 300 ўринга мўлжалланган заҳира маркази тайёрланмоқда.

«Газета.uz» аввалроқ Тошкентдаги «Ёшлик» ва «Универсал» спорт мажмуалари ҳамда «Ўзэкспомарказ»да жойлашган коронавирус беморлари учун тақсимлаш марказлари фаолияти қайтадан йўлга қўйилаётгани ҳақида хабар берган эди.