Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги UzAssets инвестиция компанияси «Ўзбекистон шампани» акциядорлик жамиятидаги ўз улушини сотиш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Spot компания матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

Гап компаниянинг 51,48 фоиз давлат улушини сотиш ҳақида кетмоқда. КPМG маслаҳатчи сифатида танланди. Савдо жараёни икки босқичдан иборат:

  • талабнома ва талабларга жавоб берадиган шаклда ариза юбориш орқали қизиқиш билдириш;
  • тижорат ва молиявий таклифларни кўриб чиқиш ва битимни тузиш.

Аризани 9 август куни Тошкент вақти билан 18:00 дан кечиктирмасдан юбориш керак. 12 августга қадар иккинчи босқичга қабул қилинганлардан қисқа рўйхат тузилади. Улар 16 августгача махфийлик тўғрисидаги битимни (NDА) имзолайди ва кейин компания ҳақида батафсил маълумот олади.

Иккинчи босқич иштирокчиларидан 9 сентябрга қадар битим тузиш учун мажбурий таклиф юборишлари сўралади. Битимнинг ўзи «Тошкент» Республика фонд биржаси қоидаларига ва Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

«Ўзбекистон шампани» компанияси тўғрисида

1942 йилда ташкил этилган компания ўзини шампан ва газланган виноларни ишлаб чиқариш бўйича ягона ихтисослашган завод сифатида тан олади.

Ҳозирги ишлаб чиқариш қуввати йилига 788 минг декалитр алкоголли ичимликлар, 2020 йилда ишлаб чиқариш қуввати 62 фоизни ташкил этган.

Маҳсулотларнинг асосий ҳажми ички бозорда сотилади. Маҳсулотларнинг бир қисми Ҳиндистон, Корея, Мўғилистонга экспорт қилинади.

Компания ўзининг хом ашё базасига эга, шунингдек, Португалия, Россия, Франциядан импорт қилинадиган хом ашёлардан фойдаланади. Ходимларнинг умумий сони 200 кишидан ортиқ.

2020 йилги даромад 65,6 миллиард сўмни, соф фойда 2 миллиард сўмни, капитал рентабеллиги 17,2 фоиздан ошиқни ташкил этди.

Шунингдек, давлат бошқа вино ишлаб чиқарувчи корхоналарни — «Ховренко номидаги Самарқанд вино заводи», «Тошкентвино», «Нукус вино заводи», «Шаҳрисабз вино-ароқ», «Сирдарё вино» ва бошқаларни хусусийлаштиришга тайёрланмоқда.