9 июль куни АОКАда президентнинг коррупцияга қарши курашга қаратилган янги фармони ва қарори мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда адлия вазири Русланбек Давлетов президент фармони билан 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланиши ҳақидаги нормаларга изоҳ берди.

Вазирнинг маълум қилишига кўра, январгача бўлган муддатда бирор бир давлат хизматчисининг хорижда мулки бўлса, унда уни «йўқотиши» керак.

«„Январгача демак [хорижда ҳисобрақам] очиб олса бўлар экан-да, мулкка эга бўлса бўлар экан“ деган ҳар хил талқинлар бўлмоқда. Бўлмайди. Агар бўлса, январгача воз кечиб йўқотиш керак унақа мулкини. Январдан кейин тартиб тўлиқ кучга киради. Яъни ҳозир бўлган бўлса, у йўқолиши керак. [Мулк] мерос бўлиб қоладиган бўлса эртага, мерос бўлиб тушадиган бўлса ҳам у меросни сотиб ёки хадя бўладиган бўлса ҳам уни ўзидан бегоналаштириши керак. Шундай тартиб бутун дунёда қўйилган», — деди у.

Русланбек Давлетов бунда фақат давлат хизматчиси сифатида фаолиятини бошлаганидан буён қўлга киритган хориждаги кўчмас мулк ҳақида сўз бораётганини таъкидлади.

«Бевосита фармонда ёзилган, бу давлат хизматчиси бўлишидан олдин олинган [хориждаги] мулк [масаласи]. Яъни, талаба бўлган пайтида, давлат хизматига тааллуқли бўлмаган пайтидаги фаолияти натижасида бўлган мулкка [тааллуқли эмас]. Бу фақат кўчмас мулкка тааллуқли. Чунки кўчмас мулк рўйхатдан ўтади, қачон рўйхатдан ўтганлигини аниқлаб, белгилаш мумкин, давлат хизматидан олдин бўлганми. Лекин банкдаги депозитда қимматбаҳо нарсаларни қўядиган бўлса, унда қийин. Шунинг учун мана шундай нормалар белгиланган ва қатъий назорат қилинади», — дея қўшимча қилди адлия вазири.