8 июль куни Москвада Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили З.Н. Кабулов Толибон ҳаракати (ТҲ) сиёсий идораси делегацияси билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида Афғонистон Ислом республикасидаги вазият ва афғонистонаро музокараларни бошлаш истиқболлари муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда Россия ТИВ матбуот хизмати.

Россия томони Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида кескинлик кучайганидан хавотир билдирди ва унинг мамлакат ташқарисида тарқалишининг олдини олишга чақирди. «Толибон» Марказий Осиё давлатлари чегараси бузилмаслигига, Афғонистон ҳудудида хориж давлатларининг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари хавфсизлиги бўйича кафолат берди, дея таъкидлади Россия ТИВ.

Хабарга кўра, «Толибон» вакиллари мамлакатдаги барча этник гуруҳларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, музокаралар орқали мамлакатда барқарор тинчликка эришишдан, шунингдек, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан аёлларни Ислом меъёрлари ва афғон урф-одатлари доирасида ҳурмат қилишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Шунингдек, гуруҳнинг Афғонистондаги ИШИД таҳдидига қарши курашиш ва фуқаролар уруши тугаганидан сўнг мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни йўқ қилиш бўйича қатъий қарорлари таъкидланди, дейилади хабарда.