Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни давлат активларини «ноль» харид қийматида сотиш ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар асосида «1 сўм» бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқариш амалиётини бекор қилишни кўзда тутган фармонни имзолади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар қилди.

Давлат активларини «1 сўм» бошланғич қийматда сотувга қўйиш амалиёти президентнинг ўтган йилги қарорида кўзда тутилган эди. Жорий йилда 900 дан ортиқ давлат мулклари сотувга қўйилади. Улар бозор нархларида электрон савдоларга чиқарилади.

Бундан ташқари, ҳужжат билан давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибларига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда:

  • 87% (73% эди) — республика бюджетига;
  • 10% (24%) — Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига;
  • 3% — Савдо-саноат палатасига, маблағларни мақсадли равишда тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштиришга йўналтирилган ҳолда.

Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорлари билан сотилган объектлардан тушадиган маблағларнинг бюджетга йўналтириладиган қисми 73 фоиздан 87 фоизга оширилди ва улар тегишли вилоят, туман (шаҳар) бюджетларига тенг улушларда йўналтириладиган бўлди.

Бундан ташқари, бозорлар ва савдо марказларини босқичма-босқич хусусийлаштириш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини ҳукуматга киритиш муддатини 2021 йил 1 декабргача (1 июль эди) узайтириш режалаштирилмоқда. Хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари инвентаризация қилиш, хусусийлаштириш тўғрисидаги янгиланган низомларни тасдиқлаш 2021 йилнинг 1 декабрига қолдирилди (1 июнь эди).

Июль бошида президент Тошкент шаҳридаги 13 та йирик кўчмас мулк объекти ҳамда 11 та тармоқ корхоналаридаги давлат улушларини хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, сотувга чиқаришни топширган эди. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ваколатидаги 154 та бўш турган объектни бир ой муддатда савдога чиқариш вазифасини қўйди.

Февралда эса президент давлат активларини хусусийлаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқ берди.

Аввалроқ молиявий таҳлилчи Карен Срапионов Руминиянинг 2000-йилларда стратегик давлат активларини муваффақиятли хусусийлаштирганини ўрганиб чиқиб, хусусийлаштириш жараёнини ташкил этиш бўйича таклифларни илгари сурган эди.