Сўнгги вақтларда электр таъминотидаги узилишлардан шикоятлар сони ошиб бормоқда. Айниқса жазирама кунлар келиши билан ижтимоий тармоқларда тез-тез тармоқдаги узилишлар ва кучланишнинг тушиб кетгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлмоқда.

Изланишлар электр таъминотидаги узилишлар иқтисодиётга ва ижтимоий соҳага, жумладан, соғлиқни сақлаш, молия сектори, ритейл, ишлаб чиқариш, таълим, онлайн хизматлар ва бошқаларга салбий таъсир кўрсатишини тасдиқламоқда.

АҚШда ритейл соҳасидаги йирик компаниялар учун электр энергиясининг 24 соатга узилиши 5 млн долларгача йўқотиш демакдир. 2018 йилда Стэнфорд университети ўқув биноларининг учдан бир қисмида электр узилиши натижасида вентиляция тизимининг тўхтаб қолиши одамлар хавфсизлигига таъсир қилишидан хавотирланиш сабабли машғулотларнинг бекор қилиниши ва лаборатория тадқиқотларининг тўхталишига олиб келган эди.

АҚШ Энергетика вазирлигининг ҳисоботига кўра, электр таъминотидаги узилишлар туфайли Америка корхоналари ҳар йили 150 млрд доллар йўқотмоқда. Сўнгги йигирма йил ичида Африканинг Саҳрои Кабир жанубидаги 39 та мамлакати энергия таъминотидаги узилишлар сабабли ЯИМнинг йиллик реал ўсишида 2% гача йўқотган бўлиши мумкин.

Жаҳон иқтисодий форуми томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, электр энергиясининг узилиши маълум бир совутилган ҳароратда сақланиши керак бўлган вакциналарнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳароратни назорат қилиш, логистика ва транспорт билан боғлиқ муаммолар туфайли ҳар йили вакциналарнинг 50% дан ортиғи бузилмоқда. COVID-19га қарши эмлаш жараёни кечаётган бир вақтда, бу муаммо янада муҳим аҳамият касб этади.

«Газета.uz» Тошкентдаги тадбиркорлар билан электр таъминотидаги узилишлар уларнинг компанияларига қандай таъсир кўрсатаётгани, ток йўқлигига қарши қандай чоралар кўраётгани ва электр таъминотисиз ишлашга қанчалик имкониятлари борлиги тўғрисида суҳбатлашди.

Замира Раҳмонова, Testo ресторанлар тармоғи ҳамтаъсисчиси: «Ҳам иқтисодий, ҳам имиж йўқотишларига учраяпмиз»

«Ток бўлмаса, овқат тайёрлай олмаймиз ёки кофе қайнатолмаймиз, чунки барча жиҳозларимиз газда эмас, балки электр энергиясида ишлайди. Ўз-ўзидан пул ишлай олмаймиз», — деди Замира Раҳмонова.

Унинг сўзларига кўра, бу муаммо «муассаса имижига ҳам жуда таъсир қилади, чунки мижоз кафега мазали таом тановвул қилиш, дўстлари, оиласи, болалари билан вақт ўтказиш ёки уйига бирор нарса олиб кетиш истагида келади, лекин муассасани чироқсиз ҳолда кўрганида, албатта, ушбу салбий ҳолат унинг хотирасида сақланиб қолади». Унинг фикрича, бундай ҳолат мижознинг кейинги сафар ушбу муассасага келиш ёки келмаслиги ҳақидаги қарорларига ҳам таъсир қилади.

«Яқинда шунга ўхшаш ҳолат рўй берди: зал тўла одам бир соатча ўз буюртмаларини кутишди, чунки айнан тушлик пайтида токни ўчириб қўйишди. Бу маркетинг ва пиар нуқтаи назаридан салбий таъсир қилади, чунки мижоз аллақачон оч ва ғазабнок. Албатта, у бизнинг айбимиз эмаслигини тушунади, аммо, барибир, унда шундай салбий тажриба қолиб кетади», — дейди Замира Раҳмонова.

Электр таъминотидаги узилишлар умумий овқатланиш корхоналари ишчиларининг иш шароитларига ҳам жуда салбий таъсир кўрсатмоқда: «Чунки ҳозирда иссиқнинг энг юқори палласи ва ходимларимиз кондиционерлар ишламайдиган, совутиш ускуналари ишламайдиган хонада қолишга мажбур бўлмоқда. Бир неча соат давомида ток бўлмаса, хона ичи дим бўлиб кетади, бундай ҳароратда одамнинг самарали ишлаши ёки умуман, ўзини яхши ҳис қилиши амримаҳол».

«Агар узоқ вақт давомида электр бўлмаса, биз ходимларга уйга рухсат бериб юборамиз», — дейди Замира Раҳмонова.

Агар муассасада бир соатдан кўпроқ электр бўлмаса, ўша куни фаолиятини давом эттира олмайди. «Чунки совуткичларимизда сархил маҳсулотлар бўлади, улар — салатлар, қайсидир мавсумий таклифлар, десертлар. Ускуналаримиз эса оптимал совуқликни бир соатдан камроқ вақтгача сақлаб туришга имкон беради. Ҳатто электр токи яна келган тақдирда ҳам, барибир у эриди, кейин қайтадан музлатилса, маҳсулот сифати ва кўринишини йўқотади», — деди Testo асосчиси.

«Катта совитиш камерамиз ҳам бор, унда юзлаб килограмм ярим тайёр маҳсулотларни сақлаймиз ва бу ярим тайёр маҳсулотлар ҳарорат режими ўзгариб турадиган шароитда сақланмаслиги керак. Чунки маҳсулот сифатига таъсир қилувчи кристалланиш ва бошқа жараёнлар содир бўлади. Ток ўчирилганда, биз муаммони жисмоний йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Ресторанларимизнинг бошқа бирида ток бўлса, бузилмаслиги учун барча маҳсулотларни ўша ерга ташиймиз. Лекин машинада 15−20 дақиқа ичида олиб борилса ҳам, барибир, маҳсулотлар ёмонлашиши мумкин», — дея таъкидлади Замира Раҳмонова.

«Биз тегишли хизматларга мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Шунга қарамай, мунтазам равишда токни ўчириб қўйишмоқда», — дея хулоса қилди у.

Зоҳид Ўлмасбоев, Lebazar ҳамтаъсисчиси ва директори: «Онлайн хизмат учун электр энергияси — бутун бизнеснинг ўзагидир»

«Онлайн хизмат бўлганимиз сабабли электр энергияси биз учун жуда муҳим», — дейди Зоҳид Ўлмасбоев. — Чунки алоқа маркази ҳам, масофада жойлашган серверлар ҳам электр энергиясига боғлиқ. Ва узилишдаги ҳар бир сония, бу — CRM тизимидаги тўхталиш демакдир ва натижада колл-марказ ходимлари алоқани йўқотади".

«Биз жойлашган бизнес маркази маъмуриятига шикоят қилсак, улар доимо елкаларини қисиб, бу уларга боғлиқ эмаслигини, бу электр тармоқлари билан боғлиқ муаммо эканлигини айтишади», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, электр энергияси бўлмаган ҳар бир сония компания учун жуда ҳам сезилади, чунки телефония электр энергиясига боғлиқ ва мижозлар уларга қўнғироқ қила олмай қолишади. «Бу жуда жиддий муаммо. Онлайн дўкон, онлайн хизмат учун электр энергияси, бу — бизнеснинг ўзагидир», — дейди Зоҳид Ўлмасбоев.

Ечимлар ҳақида гапирар экан, Lebazar ҳамтаъсисчиси: «Электр энергиясидаги муаммолар сабабли биз ҳозирда барча серверларимизни қайсидир офисларда бўлмаслиги учун булутли технологияга кўчиряпмиз. Гарчи бу биз учун қайсидир даражада унчалик тўғри ва хавфсиз бўлмаса ҳам», — дея таъкидлади.

Зоҳид Ўлмасбоев компаниянинг асосий қуроллари — компьютерлар, ноутбуклар — ҳам электр энергиясига боғлиқ эканини эслатиб ўтди. «Ҳар бир ноутбукка UPS қўямиз, лекин улар ҳам бир неча дақиқаларга етади», — дейди у.

«Колл-марказининг ҳар бир ходимини мижозларга шахсий рақамлари орқали боғлана олишлари ёки Telegram ёрдамида мулоқот қилишлари учун мобил алоқа билан таъминлашимизга тўғри келмоқда», — дея қўшимча қилди Lebazar раҳбари.

Акмал Пайзиев, Express24 асосчиси: «Кўплаб мижозлар овқатларни ўз вақтида ололмайдилар»

«Шаҳар марказида учта офисимиз бор, Педагогика университети яқинидаги офисимизда кучланиш паст, у 170 В гача тушиб кетади. Бундай кучланишда кондиционерлар офисни совитмайди. Бу ходимларнинг иш самарадорлигига энг ёмон таъсир кўрсатади, одамлар иссиқда нормал ишлай олмайдилар», — дейди Акмал Пайзиев.

«Биз озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланамиз. Кўплаб ресторанлар электр печкаларда ишлайди ва кучланиш пасайиши сабабли, ҳатто шаҳар марказида ҳам пишириш вақти чўзилиб кетади. Тушлик пайтида пишириш вақти янада узаяди, бу кўплаб курьерларни ушлаб қолади ва жараённи жуда секинлаштиради. Кўплаб харидорлар озиқ-овқат маҳсулотларини вақтида ололмайдилар. Ресторанларнинг ўзида ҳам кутиш вақти чўзилади. Кучланиш пасайгани туфайли баъзи бир шерикларимизнинг совиткич ва музлаткичлари ишламаяпти, катта миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари айниб қолмоқда, натижада шерикларимизнинг менюларидан фойдаланиб бўлмаяпти», — дея таъкидлайди Акмал Пайзиев.

Шерзод Қаюмов, Fratelli Casa ҳамтаъсисчиси: «Икки соат электр энергияси бўлмаса, бутун кунни йўқотамиз»

«Электр узилганида маҳсулдорлигимиз пасаяди, ишлаб чиқаришни тўхтатамиз ва мижозга етказиб беришда кечикаётганимиз тўғрисида хабар беришимиз керак. Шунингдек, бу кийим-кечак ишлаб чиқариш тезлигига ҳам жуда салбий таъсир қилади», — дейди Шерзод Қаюмов.

«Электр энергияси икки соатдан кўпроқ вақт йўқлигини кўрсак, тикувчиларимизга рухсат бериб юборамиз. Бу кунни аллақачон фойдасиз, йўқолган деб ҳисоблаш мумкин», — дея қайд этади Шерзод Қаюмов.

Электр узилса, компания ишни давом эттириш учун ҳеч қандай чора кўра олмайди: «Биз шунчаки кутамиз, шаҳар ёки туман электр тармоқларига қўнғироқ қиламиз, улардан қачон электр бўлишини биламиз, бошқа ҳеч қандай чорамиз йўқ. Фабрикамиз катта ва ускуналаримизни UPS ёрдамида ишлата олмаймиз».