9 июль куни «Толибон» ҳаракати вакиллари Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрига кириб келишди, дея хабар бермоқда РИА Новости манбаси.

Маълумотга кўра, жанглар марказий қамоқхона ҳудудида бўлиб ўтган ва ҳозирда бозор ҳудудида давом этмоқда. Бир неча тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган ва яраланган, аммо уларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.

Миллий хавфсизлик бошқармаси маълумотларига кўра, ҳукумат армиясининг махсус бўлинмаси тунда шаҳарнинг бир неча қисмида «Толибон»га қарши операция ўтказган, натижада тўққиз жангари йўқ қилинган ва яна иккитаси яраланган.

Шунингдек, Қандаҳор губернатори шаҳардаги вазият назорат остида эканлигини, жангарилар орқага чекинаётганини маълум қилган.

Аввалроқ, ҳаракат вакиллари Афғонистоннинг 400 та уездидан 174 тасини ўз назоратига олганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни АҚШ Афғонистондан қўшинларни чиқаришни бошлади, июнь ойи бошида мамлакатдан ғарб ҳарбий контингентининг учдан бир қисми чиқиб кетди. РИА Новостининг ёзишича, шундан сўнг «Толибон» Афғонистон ҳукумати позицияларига ҳужум қилишни бошлади.

8 июль куни Москвада Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва «Толибон» ҳаракати делегацияси билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Унда «Толибон» Марказий Осиё давлатлари чегараси бузилмаслигига, Афғонистон ҳудудида хориж давлатларининг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари хавфсизлиги бўйича кафолат берган.

Бундан ташқари, ҳаракат вакиллари мамлакатдаги барча этник гуруҳларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, музокаралар орқали мамлакатда барқарор тинчликка эришишдан, шунингдек, инсон ҳуқуқларини, шу жумладан аёлларни Ислом меъёрлари ва афғон урф-одатлари доирасида ҳурмат қилишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Америка президенти Жо Байден АҚШ «Ал-Қоида» раҳбарини йўқотиб, мамлакатдаги ўз мақсадларига эришганлигини таъкидлади. «Афғонистоннинг кейинги тақдирини ҳал қилиш — фақат афғон халқининг ҳуқуқи ва масъулияти», — деди у.