Таксичилик билан шуғулланувчи ЯТТлар республиканинг қайси ҳудудида фаолиятини амалга оширишидан қатъи назар 2021 йил учун ҳар ойлик 150 минг сўм қатъий ва белгиланган миқдордаги ижтимоий солиқни (245 минг сўм) тўлайдилар. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Музаффар Назаров маълум қилди.

Шунингдек, берилган лицензия варақаси бўйича бир йилга 245 минг сўм миқдорида давлат божи ундирилиши таъкидланди.

«Бунда 2021 йилда 1 сентябргача ЯТТ сифатида давлат рўйхатидан ўтганлар учун давлат божи ундирилмайди», — деди ДСҚ матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, эксперимент тариқасида якка тартибдаги тадбиркорларга 4 та ўриндиқли енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ЯТТ сифатида такси фаолияти билан шуғулланиш фақатгина мижозларни излаш бўйича интерактив хизмат кўрсатувчи компаниялар (агрегаторлар) хизмати орқали амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорларга такси фаолияти билан шуғулланиш учун бошланғич тўлов 5 баробарга камайтирилиб 690 минг сўмни, ойлик тўлов 1,5 баробарга камайиб 425 минг сўмни ташкил қилади.