Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 8,1 фоизга, 2022 йилда эса 6,3 фоизга ўсади. Бу ҳақда J. P. Morgan инвестиция банкининг"Uzbekistan: Soum’er Solstice" («Ўзбекистоннинг Қуёш каби кўтарилиши») ҳисоботида сўз боради, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Инвестиция банки прогнози ХВЖ (5%га яқин) ва бошқа халқаро молия ташкилотлари (Жаҳон банки — 4,8%, ЕТТБ — 5,6%, Moody’s — 5,5%) прогнозларидан баландроқ. Молия вазирлиги ҳам, президент ЯИМ ўсишини 6 фоизга етказиш вазифасини юклаганига қарамасдан, 5,1 фоизлик ўсишни кутмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2021 йилги иқтисодий ўсишга асосан қурилиш ва саноат тармоқлари ҳисса қўшади.

В J. P. Morgan Ўзбекистон сўнгги 20 йил ичида Ўрта Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка (SEEMEA) мамлакатлари орасида юқори ва барқарор ўсиш суръатига эриша олган саноқли мамлакатлардан бири бўлганини қайд этиб ўтди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон бозорларни эркинлаштириш, кенг кўламли хусусийлаштириш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш каби ислоҳотлар остонасида турибди, дейилади ҳисоботда. Бунда халқаро молия институтлари кўмагидан кенг фойдаланилмоқда.

Давлат корхоналари ислоҳотига тўхталар экан, В J. P. Morgan хусусийлаштириш иқтисодий наф олиб келишини, бироқ, у хатарлардан ҳоли эмаслигини таъкидламоқда. Бунга МДҲнинг 1990 йиллардаги тажрибаси мисол қилиб келтирилган. Шу сабабдан, Ўзбекистон Ҳукумати давлат корхоналарини қай тарзда хусусийлаштириши муҳимлиги айтилмоқда. Хусусийлаштиришдаги эҳтимолий хатарлар ҳақида Moody’s рейтинг агентлиги ҳам маълум қилган эди.

Ўзбекистон фискал сиёсатдан иқтисодиётни бошқаришнинг асосий воситаси ўлароқ фойдаланади. Ҳукумат 2020 йилда консерватив фискал сиёсатни амалга оширди (умумий фискал тақчиллик аввал прогноз қилинган ЯИМнинг 7 фоизи ўрнига ЯИМнинг 4,4 фоизига тенг бўлди).

Ҳисоботга кўра, 2016 йилдан кейин давлат қарзи тез суръатлар билан ўсиши кузатилса-да, Бюджет қонуни билан давлат қарзининг энг юқори миқдори (ЯИМга нисбатан 60 фоиз) белгиланлиги ва давлат қарзининг 60 фоизга этиши эҳтимоли пастлиги қайд этилган.

В J. P. Morgan прогнозларига кўра, олтин нархи 2022 йилга бориб 1350 долларгача тушиши мумкин. Шу сабабдан, Ўзбекистон жорий операциялари ҳисоби тақчиллиги 2021 йилда ЯИМга нисбатан 4,5 фоизни, 2022 йилда ЯИМга нисбатан 8,5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон суверен халқаро облигатсиялари нархлари макроиқтисодий ҳолатнинг яхшиланаётганини акс эттиради. Хусусан, амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар инвесторлар «иштаҳаси»га ижобий таъсир кўрсатади.

Бироқ, ички капитал бозори кўлами кенгайтириш, даромадлилик эгри чизиғини узайтириш зарурати ва норезидентлар учун мавжуд чекловлар ҳам қайд этилган бўлиб, 2022 йилдан ички капитал бозорида ўзгариш кутилаётгани таъкидланган.