Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида «Давлат тили тўғрисида"ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида ўтган беш ой давомида ишчи гуруҳ томонидан 1000 дан зиёд пешлавҳа, реклама ва эълонлар, кўргазмали бошқа ахборот матнларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш, қонун талабларига жавоб бермайдиганларини тузатиш чоралари кўрилди, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хусусан, 47 та билборд (баннер), 3 та призматрон (уч қиррали, айланувчан), 5 та монитор, 960 та савдо ва маиший объектлар ёнига қўйилган ва ойналарига ёпиштирилган ахборотлар давлат тилига таржима қилинган.

Шунингдек, Амир Темур кўчасида фаолият юритаётган 260 та, Мойқўрғон кўчасидаги 56 та, Аҳмад Дониш кўчасидаги 67 та, Кичик Халқа йўлидаги 40 дан зиёд корхона, ташкилот, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига тегишли пешлавҳа, эълон, реклама ва ахборот ойналари мавжуд «қонунчилик меъёрларига зид бўлганлиги боис, барчаси ўзбек лотин ёзувида тайёрланадиган бўлди», дейилади хабарда.

Махсус ишчи гуруҳ томонидан бугунги кунда ҳам ўрганишлар давом этмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, ишчи гуруҳ томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар амалдаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлайди.

«Давлат тили тўғрисида«ги қонуннинг 20-моддасига кўра, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.

Аммо, «Реклама тўғрисида«ги Қонуннинг 5-моддасига биноан, Ўзбекистон ҳудудида реклама Ўзбекистоннинг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.

Олий Мажлиси Сенати 26 июнь куни ўн олтинчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Ҳужжат давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, жисмоний ва юридик шахсларга мурожаат қилишда, иш юритишида, тадбирларда, меъёрий ҳужжатларда давлат тилидан фойдаланиш масалаларини батафсил белгилаб беради. Қонун кучга кириши учун президент уни имзолаши керак.