«Ўзбекистон темир йўллари» 899 млн сўмлик қурилиш материаллари талон-торож қилинганини рад этди

«Ўзбекистон темир йўллари» ер усти метроси қурилишида бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақидаги хабарларни рад этди. Компаниянинг аниқлик киритишича, номаълум шахслар 899 млн сўмлик кабел маҳсулотларини ўғрилаган. Аввалроқ транспорт прокурори Маъруфжон Ходжаев транспорт прокурори Маъруфжон Хўжаев худди шунча миқдордаги талон-торожликлар ҳақида маълум қилган эди.

Талабалар учун Президент гранти жорий этилди

2021−2022 ўқув йилидан ОТМга кириш имтиҳонида энг юқори балл тўплаган 200 нафар абиутуриент учун президент гранти жорий этилди. Грант соҳиблари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Ўқиш давомида грантни олиш учун барча фанлардан «аъло» баҳо олиш керак бўлади. Ўқиш якунига қадар Президент грантини олганлар магистратурага имтиҳонларсиз давлат гранти асосида қабул қилинади.

Давлат хизматчилари даромадлари декларацияси 1 январдан жорий этилади

2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилади. Уларга хорижда банк ҳисобрақамларини очиш тақиқланади. Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик учун жавобгарлик жорий қилинади.

Бир қатор давлат идоралари раҳбариятида ўзгаришлар юз берди

Ўзбекистоннинг бир қатор давлат органлари раҳбарлари ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Коррупцияда айбдор деб топилганлар очиқ электрон реестрига киритилади

Президент фармони билан коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилганларнинг очиқ электрон реестри юритилиши йўлга қўйилади. Ушбу рўйхатга киритилганлар давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, тадбиркорлиги давлат харидларида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши тақиқланади.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев коронавирусга қарши эмланди

7 июль куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳам коронавирусга қарши эмланди.

Давлат органи ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади

Президент қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Барча давлат ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади. 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасидаги тендерлар натижалари очиқ эълон қилинади.

Самарқанд халқаро аэропортига янги директор тайинланди

Сайдулло Тўхтасинов Самарқанд халқаро аэропортининг янги директори этиб тайинланди. Шу билан бирга у Андижон халқаро аэропорти директори вазифасида фаолият юритади.

«Ҳидоят сари» илмий-маърифий телеканали иш бошлади

МТРК рақамли платформасида интернет орқали эфирга узатиладиган «Ҳидоят сари» илмий-маърифий телеканали ишга туширилди. Телеканалда «диний илмий экспертизадан ўтган, турли талқинга ўрин бермайдиган даражада ишончли маълумотларга асосланган» кўрсатувлар ва суҳбатлар намойиш этилади.

Тошкент электр таъминотидаги носозлик сабаб 3 та метро бекатида свет ўчди

7 июль куни Тошкент шаҳар электор таминоти тизимида юзага келган носозлик сабабли метрополитенининг «Чилонзор», «Юнусобод», «Ўзбекистон» йўналишларидаги бекатларида свет ўчди. Маълум қилинишича, бу ҳолатда поездлар ҳаракати тўхтамаган.

Навоий ИЭСда газ сизиб чиқиши туфайли электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин

Навоий иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмаларини табиий газ билан таъминловчи қувурида газ сизиб чиқди. Носозликни бартараф этиш ишларини хавфсиз бажариш учун газ таъминоти тўхтатилмоқда. «Шу сабабли республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин», — дея маълум қилди Энергетика вазирлиги.

Комил Алламжонов — Саида Мирзиёева ва Гулнора Каримовани таққослаш ҳақида фикр билдирди

Комил Алламжонов Саида Мирзиёеванинг баъзи ташаббусларини Гулнора Каримованинг ғоялари ва лойиҳалари билан таққослаш ҳақида фикр билдирди. «У пайтдаги хатолар бизга кўпроқ бу йўлда хато қилишимизга ёки уларнинг қилган хатоликлари бизга бир кўргазма, аслида. Биз шу хатоларни қилсак, лойиҳаларни шундай хатолик билан қилсак қандай оқибатларга олиб келишини кўрганмиз. Бу бизга сабоқ», — дея қўшимча қилади у.

Moody’s Ўзбекистон кредит рейтингини «В1» даражасида сақлаб қолди, бироқ прогнозини оширди

Moody’s агентлиги Ўзбекистоннинг кредит рейтингини «B1» даражасида сақлаб қолди, бироқ «барқарор» прогнозини «ижобий»га ўзгартирди. Бунга мамлакатнинг институционал салоҳияти яхшилангани ва давлат сиёсати самарадорлиги ижобий таъсир кўрсатди.

Мактабгача таълим вазирига янги ўринбосар тайинланди

Нодир Муслитдинов мактабгача таълим вазирининг янги ўринбосари этиб тайинланди.

Танзила Нарбаева коронавирусга қарши эмланди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева май-июнь ойларида коронавирусга қарши Россиянинг «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Вакциналар ҳақидаги кенг тарқалган фейк хабарлар ва нотўғри фаразлар

Коронавирус пандемияси бошлангандан буён ушбу касаллик тўғрисида ҳам, унга қарши ишлаб чиқарилган вакцина ҳақида ҳам турли хил уйдирма ва илмий асосга эга бўлмаган ёлғон хабар ва маълумотлар тарқалиб келмоқда. «Вакцина билан биргаликда одамларга кузатув микрочиплари жойлаштирилиши», «касалликдан тузалгандан сўнг эмланиш шарт эмаслиги», шулар жумласидан. Вакцина ҳақидаги энг машҳур фейклар ва нотўғри фаразлар ҳақида «Газета.uz» мақоласида.

Бузилишини кутаётган маҳалла Нодира Сулаймонова объективида

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 5 йилдан буён бузилишини кутиб яшаётган маҳалла ҳикояси Нодира Сулаймонова фотосуратларида.