Уч йил олдин ЖССТ баъзи одамларнинг вакциналарга ишончсизлиги масаласини 2019 йилда ҳал қилиниши керак бўлган ўнта глобал муаммолар қаторига киритган эди. Коронавирус пандемияси, сўнгра эмлаш учун дори воситаларининг яратилиши муаммони янада кучайтирди: айрим фуқароларнинг эмланишни истамаслиги бутун жамият ҳаётига таъсир қилмоқда.

Кўпгина одамлар кўпинча у ёки бу янгиликларни «учинчи шахс орқали» олиб, илмий асосга эга бўлмаган далилларни келтиришади.

«Коронавирус йўқ. Уни вакциналардан фойда қилиш учун ўйлаб топишган»

Дунё бўйлаб бир-биридан мустақил бўлган олимлар коронавирус мавжудлигини исботладилар. Пандемия давомида 4 миллион киши инфекциядан вафот этди. Вирус жиддий асоратларни, шунингдек, кейинги ҳаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатадиган «постковид синдроми» ни келтириб чиқариши мумкин.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, 2021 йил 7 июлгача дунёда 184,6 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинган ва деярли тўрт миллион киши вафот этган.

Олимлар коронавирусни ҳақиқатдан ҳам мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш учун уни ўрганиб чиқиб бўлишган. «Хабр» нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар куни турли мамлакатларда коронавирус ҳақида 10 дан ортиқ илмий мақолалар нашр этилади. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу SARS-CoV-2 вируси келтириб чиқарадиган ўткир нафас йўли инфекцияси ҳисобланади. Вирус тўғридан-тўғри юқтириш ёки организмнинг иммун реакцияси орқали турли органларга таъсир кўрсатади. Касаллик ҳам енгил, ҳам оғир кечиши мумкин, энг кенг тарқалган асорати бу — вирусли пневмония.

Коронавирус ҳақида нашрлар сонининг йил бўйича тақсимланиши. Фото: «Хабр».

Коронавирус пайтида тромблар юзага келиши хавфи ошади, бу эса миокард инфаркти, қон томирлари, тромбоз ва ўпка эмболиясининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, тромблар кўпинча семизлик касаллигига учраган, ёши катта, ҳаракатсиз бўлган ва саратон касалликларига эга одамларда муаммо туғдириши мумкин.

Тадқиқотлардан бирида олимлар COVID-19 билан касалланганлар ва гриппга чалинганларни таққосладилар. Биринчи инфекциядан сўнг ўлим ва бир қатор жиддий касалликларнинг ривожланиш хавфининг ортганлиги аниқланди. Масалан, буйрак ва юрак етишмовчилиги ҳамда касалликлар 1,5 баравар, нафас олиш тўхташи деярли 2 баравар, ўткир тромбоэмболия ва энцефалит хавфи 3 марта ошган.

Коронавирус беморларнинг тахминан 10−15 фоизида «узоқ ковид» (ёки «постковид синдроми») га айланади. Танишларининг ҳеч бири касал эмаслиги ҳақидаги далилларга амал қилиш нотўғри, чунки вирусни юқтирганлар ҳақидаги маълумотлар турли мамлакатларнинг давлат ва мустақил нашрлари томонидан эълон қилиниб борилади.

Коронавирусга қарши вакцина ҳақидаги энг кенг тарқалган фейк ва нотўғри фаразлар

Вакциналар ишлаб чиқарилиши бошланганидан буён одамлар орасида вакцинация жараёнлари ва уларда қўлланилаётган препаратлар ҳақида турли хил ёлғон хабарлар тарқалган. АҚШнинг йирик жамоавий соғлиқни сақлаш тизими бўлган NYC Health + Hospitals коронавирус инфекциясига қарши қўлланилаётган вакциналар ҳақидаги энг машҳур фейклар ва нотўғри фаразлар борасида далил келтиради.

Фейк: COVID-19 вакциналари хавфли, чунки улар жуда тез ишлаб чиқарилган.

Ҳақиқат: Вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлиги илмий жиҳатдан исботланган. COVID-19 вакциналари клиник синовлардан ва хавфсизлик бўйича текширувлардан ўтган, айримлари ҳозиргача синов жараёнида.

Нотўғри фараз: COVID-19 вакцинаси жуда жиддий ножўя таъсир ва аллергик реакцияларга олиб келади.

Ҳақиқат: Коронавирусга қарши вакцина бошқа вакциналар каби жиддий бўлмаган ножўя таъсирга олиб келиши мумкин. Чарчоқ, бош оғриғи, оғриқ ёки инъекция қилинган жойида қизариш ва мушак ёки бўғинларда оғриқлар кузатилиши мумкин. Бундай ножўя таъсирлар ёқимсиз бўлса ҳам, улар сизнинг организмингиз ўзини COVID-19 дан ҳимоялаш учун ўз фаолиятини бошлаганини англатади. Қўлланилаётган вакцина таркибидаги моддаларга аллергик реакциялар кузатилган одамлар эмланмаслиги керак.

Нотўғри фараз: Менда COVID-19 нинг оғир кўриниши билан касалланиш хавфи йўқ, шунинг учун менга эмланиш керак эмас.

Ҳақиқат: Касаллик хавфига қай даражада мойил эканлигингиз муҳим эмас, чунки сиз барибир вирусни юқтиришингиз ва уни тарқатишингиз мумкин. Вакцинадан фойдаланиш имконияти кенгайганидан сўнг, имкон қадар кўпроқ катталарни эмлаш, жамоавий иммунитетни яратиш, аҳолини вирусдан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Фейк: Вакцина туфайли мен COVID-19 га чалинишим мумкин.

Ҳақиқат: Сиз вакцина билан эмланганингиздан сўнг вакцина сабабли COVID-19 га чалина олмайсиз. Тасдиқланган COVID-19 вакциналарининг ҳеч бирида тирик вирус зарралари мавжуд эмас. Вакцинада COVID-19 ни юқтиришга олиб келадиган компонентлар ҳам йўқ.

Нотўғри фараз: Мен COVID-19 билан касалланиб, тузалдим. Менга вакцина керак эмас.

Ҳақиқат: Сиз коронавирусга чалиниб, тузалган бўлсангиз ҳам эмланишингиз керак. Мутахассислар антитаначалар қайта чалинишга қарши химоя қила олиши ҳақида маълумотга эга эмас. Сизда барча аломатлар ўтганидан ва сизга тавсия этилган изоляция муддати тугаганидан сўнг эмлана оласиз.

Фейк: Вакцина билан биргаликда одамларга кузатув микрочиплари жойлаштирилади.

Ҳақиқат: Вакцинада микрочиплар ёки кузатув мосламалари йўқ. Ушбу фейк интернетда пайдо бўлган ва бунга вакциналарда микрочиплар бор деган ёлғон даъволар сабаб бўлган.

Нотўғри фараз: COVID-19 га қарши эмланганимдан сўнг, энди ниқоб тақишим шарт эмас.

Ҳақиқат: Эмланишдан кейин сиз ниқоб тақишни давом эттиришингиз ва ижтимоий масофани сақлашингиз керак. Агар сиз эмланган бўлсангиз ҳам, COVID-19 хавфсизлик кўрсатмаларига риоя қилишингиз керак. Вакцина сизни COVID-19 дан ҳимоя қилади, аммо мутахассислар сиз вирусни ташувчиси бўлиб қоласизми ва бошқаларга юқтиришингиз мумкинми, билмайдилар.