Кириш имтиҳонларида энг юқори бал тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий қилинади. Бу ҳақда тегишли президент қарори имзоланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Қарорга кўра, 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий қилинади. Грант давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти, таълим олиш тилидан қатъи назар, ҳар йили таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Даъвогар абитуриентлар рўйхати кириш имтиҳонлари ва танлов тўлиқ якунлангандан сўнг ушбу комиссия томонидан тасдиқланади.

Муайян таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади.

ОТМга ўқишга киришда имтиёзи бор абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган балига қўшиб берилган баллар ушбу грантга даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Президент грантига даъвогар бўлган абитуриентлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни «аъло» баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган мазкур грантга даъвогар талабалар орасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика олий таълим кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида аниқланади.

Танловда иштирок этиш учун олий таълим муассасаси ректори (директори) томонидан биринчи курсда барча фанларни «аъло» баҳоларга ўқиган Президент грантига даъвогар талабага унинг ўқиш давридаги ютуқлари, жумладан, илмий-тадқиқот фаолияти, ташаббускорлиги, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирганлиги, намунали хулқ-атворга, соҳаси бўйича зарур билимга ҳамда республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини билдира олиш кўникмаларига эга эканлиги каби шахсий фазилатлари бўйича тавсифнома бериши керак бўлади.

Ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган талабаларга Президент давлат стипендияси тайинланади ва тўланади.

Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шунинг учун унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди.

Агар грант совриндори ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан «аъло» баҳо олмаса, келгуси ўқув семестри мобайнида унга умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади. Навбатдаги ўқув семестри якунига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади.

Ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Президент грантига даъвогар талабаларга қуйидаги минимал талаблар қўйилади:

  • ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид конференция (танлов)ларда иштирок этиш;
  • ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига мос камида иккита илмий-тадқиқот иши (асар)ни эълон қилиш;
  • давлат тили билан бир қаторда камида битта хорижий тилни (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) ва Ўзбекистон тарихини билиш.