Бузилишини кутаётган маҳалла Нодира Сулаймонова объективида

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 5 йилдан буён бузилишини кутиб яшаётган маҳалла ҳикояси Нодира Сулаймонова фотосуратларида.

Суратлар тавсифини ўқиш учун уларнинг устига босинг.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Олтинтепа — 10 маҳалласи (ҳозирги Олтинтепа маҳалласи), Паркент 4-берк кўчасида жойлашган уйлар Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 апрелдаги 698-сонли қарори билан бузиладиган ҳудудга киритилган эди. Ушбу ҳудуддаги бузилиш ишлари эса 2016 йилнинг баҳор фаслидаёқ бошланган.


Ўша йилнинг кузига келиб хонадонларнинг деярли ярми янги уйларга кўчиб чиқишган. Уларнинг уйлари бузиб ташланиб, аллақачон кўп қаватли уйлар қуриб битказилди. Маҳалладаги қолган хонадонларнинг тақдири ҳалигача номаълум.


Бузилиш арафасида турган маҳалла ҳикояси Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Нодира Сулаймонова фотосуратларида.

Паркент, Маҳтумқули ва Оҳангарон кўчаларини бирлаштириб турувчи йўл ўтказмаси атрофидаги маҳалла.
100дан ортиқ хонадон эгалари уйлари бузилишини кутиб яшамоқда.

Ушбу кўчанинг собиқ номи «4-тупик Генерала Петрова» дея номланган. Тахминларга кўра, бу маҳалла иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг, айни қийинчилик даврларида барпо этилган. Аввалига бу ерга уруш даврида эвакуация қилинганлар жойлаштирилган. Вақт ўтиб маҳаллий аҳоли ҳам бу ерга кўчиб келишни бошлаган. Ҳозир бу маҳаллада яшайдиганлар 90-йиллардан кейин кўчиб келишган. Кимдир қурилиш қилиб, яна кимдир оқлаб, кўкаламзорлаштириб ўзига қулай шароит қилишга ҳаракат қилган.

Бузиладиган маҳалла ҳудудининг уч поғонали кўприк устидан олинган сурати.
2020 йил карантин чоралари киритилишидан сал олдин кўча бир текисда ўраб олинган.
Бузиладиган ҳудуд тўсиқлар билан ўраб олинган. Ҳудуднинг ёнида янги қурилган турар-жой қад кўтарган. Кўп қаватли бинолардан "бемалол" маҳалла ҳудудини ва унинг аҳолисининг ҳаётини томоша қилса бўлади.
реклама
реклама
Ўраб олингунга қадар бу ердаги ҳовлилар чуқурликда жойлашган бўлган. Хонадонлар бузилгач, қолдиқлари ўз ерига кўмилди. Вақт ўтиб аҳвол шундай давом этмоқда. Чап тарафдаги барча уйларнинг шу томондан кўриниши аянчли ва хатарли кўриниш олган.

Ҳудуд беркитилгандан сўнг бўш ерлар турли хил ахлатларга тўляпти.

Маҳалла бузилиши айтилганига роппа-роса 5 йил ўтиб ҳам, айрим хонадонлар тақдири мавҳумлигича қолмоқда. Баъзилар ижарага чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Баъзилар уйларида қурилиш-таъмирлаш ишларини қилган, бошқалар эса уйи бузилишни кутиб, тегинмаган, тўй қилиб, оила аъзолари кўпайган бўлса-да, бир уйда сиқилиб яшашмоқда.
Чап бурчакдаги уй огоҳлантиришларга қарамай қурилган. Сиғишмай қолганлар мажбурлигидан уй қуряпти. Уларнинг янги уйга қачон кўчиши маълум эмас.
Ушбу икки қаватли уйни қурган уй эгалари ҳеч қачон бу кўча бузилишига ишонмаса керак. Боиси бу уй 5 йил ичида қурилган. Улар қўшниларни иссиққина нон билан сийлайди. Яқинда уй ичидан кичкина дўкон очилди. Савдо-сотиқ авжида.
реклама
реклама

Кўчишидан умид қилиб турган маҳалла аҳли ҳудудда 3 поғонали кўприк қурилиши сабабли бирданига катта йўлидан айрилди. Ишга, ўқишга 1−1,5 бекат пиёда юриб: куз-қишда ботмон лой кечиб Тошкентнинг нуфузли офисларига, ўқув даргоҳларига қоп-қора «лоябзал»да кириб боришган. Баъзи эринмаган қўшнилар иккиталаб оёқ кийими олиб юрган.


Баҳор-ёзда қорайган оёқлар оппоқ бўлиб ишга, ўқишга қатнашди. Бунга уюм-уюм тупроқ сабаб бўлади: кимнингдир ёнидан машина ўтса, бир зумда қум бўрони бўлгандек бошдан оёқ оппоқ чангга бурканиб қолади. Йиллар давомида чанг-тўзон, тақир-туқур шовқинда яшаган хонадондагилар, эндиликда ёнгинасидаги «дом»дагиларга томошақовоқ бўлиб яшаяпти.

Лойли, қумли сўнг асфальт ётқизилиб яна шағалли йўлга айланиб қолган кўчанинг йўллари.
Керагидан ортиқ сим-кабелларнинг тартибсиз жойлашуви, маҳаллада электр энергиясининг ўчишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, янги қурилган кўп қаватли уйларнинг ва шу маҳаллада жойлашган хонадонларнинг электр таъминоти битта тармоқда бўлгани сабабли аҳоли орасида келишмовчиликлар юзага келади.
Ўйинга тўймайдиган болалар машиналар кириб-чиқадиган кўчанинг шағалли йўлларида югуриб, велосипед учишмоқда. Атрофда ҳали қуриб битказилмаган кўп қаватли турар-жой.
Болалар майдончасини кўрмай, нима эканлигини билмай ўсаётган жажжи болажонлар. Ўйнагани ўйинчоқ, учгани арғимчоқ эмас, ушлагани – қум!
4-берк кўчадан «Иссиқсув» ва «Тарнов» кўчалари билан туташ жинкўча.
Суратлар муаллифи: Нодира Сулаймонова
Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.

Биз ўз манбаларимизда ишларни нотижорий асосда
эълон қилиш имкониятини кўриб чиқамиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг