Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 17 ёшли футболчи чўкиб кетиши оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Газета.uz»га.

Маълум қилинишича, футболчи 6 июль куни соат 13:00 — 14:00 орасида дўстлари билан Чимқўрғон сув омборига чўмилишга борган ва чўмилиш пайтида чўкиб кетган. Дўстлари унинг жасадини қирғоққа олиб чиққан.

Расмда қизил либосдагилар ичида чапдан биринчи Асадбек Тўраев.

Қайд этилишича, Aсадбек Тўраев тумандаги 83-мактабнинг 11-синф ўқувчиси бўлган. У тумандаги «Қамаши» футбол клуби ярим ҳимоячиси ҳисобланган. Жамоаси билан биргаликда 12−15 июнь кунлари бўлиб ўтган ДХХ раиси кубогида чемпион бўлган эди.