Президентнинг «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳужжат билан, 2021 йил 1 октябргача коррупция, манфаатлар тўқнашуви асосида тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорликда қатнашиши ҳуқуқий оқибатларини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Худди шу санадан барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасидаги тендерлар натижалари очиқ эълон қилинади. Давлат харидларида ҳамкорлар (контрагентлар)ни текшириш тартиби ишлаб чиқилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил 1 декабрдан ҳар йил якуни бўйича коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилиб борилади.

2021 йил 1 декабргача даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади.

Шунингдек, мазкур қарор асосида 1 октябргача давлат маблағлари ҳисобига қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган танловлар «Шаффоф қурилиш» тизими маълумот алмашинувини таъминлаган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида электрон тарзда амалга оширилади.

2022 йил 1 январгача автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган «SHAFFOF YO‛L» онлайн ахборот платформаси ишга туширилади.

Ушбу санадан бошлаб «ҳалоллик вакцинаси» тамойили асосида давлат хизматчилари мунтазам коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилади.